Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Самарқанд ва Истанбул университетлари симпозиуми
2021-09-23 | Таълим
Самарқанддаги Мирзо Улуғбек мадрасасида 22 сентябрь куни СамДУ ва Истанбул университети ҳамкорлигида “Турк дунёсида таълим, илм-фан ва технологиялар соҳасида ҳамкорлик ва ўзаро таъсир” мавзусида халқаро симпозиум бўлиб ўтди.
Тадбирда Истанбул университети ректори Маҳмуд Ак бошчилигидаги делегация, шунингдек, Туркия Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Олган Бекар иштирок этди.
Анжуманни Самарқанд давлат университети ректори Рустам Холмуродов очиб, Ўзбекистон қадимдан илм-маърифат бешиги бўлгани, хусусан, Самарқанд заминида Алишер Навоий, Қозизода Румий, Муҳаммад Ҳавофий, Али Қушчи каби буюк мутафаккирлар таълим олганини таъкидлади.
1454 йилда Истанбул мадрасасига асос солинган, унинг биринчи мударриси Али Қушчи бўлган. Али Қушчи Самарқанддаги Мирзо Улуғбек мадрасасида кўп йиллар мударрислик қилган. Алломанинг Туркиядаги илмий фаолияти халқларимизни боғлаб турадиган муҳим жиҳатлардандир.
Янги Ўзбекистонда Учинчи Ренессансга пойдевор қўйилмоқда. Уни мустаҳкамлашда хорижий университетлар билан йўлга қўйилаётган ҳамкорлик муҳим аҳамият касб этади.
Истанбул университети билан бирга ташкил этилган ушбу симпозиум азалий қадриятлар ва ҳамкорлик ришталарини янада мустаҳкамлаш, бу алоқаларни айни пайтда халқларимизнинг ҳаётий манфаатларига тўла жавоб берадиган илм-фан, таълим, маданий-маърифий соҳаларда ривожлантиришдир.
Тадбирда Туркиядан видеомурожаат йўллаган Истанбул университети адабиёт факультети декани Ҳаяти Девели икки университет ҳамкорлигида ташкил этилган симпозиум турк дунёси зиёлиларининг бирлашиши учун ташлаган муҳим қадамлардан бири эканини алоҳида таъкидлади.
Маҳмуд АК, Истанбул университети ректори, профессор:
–Самарқанд давлат университети билан ушбу симпозиумни ўтказишни икки йил аввал режалаштирган эдик. Пандемия сабаб у бир йил кечикди. Бугунги анжуманда Туркиядан 38 нафар олим қатнашмоқда. Ўзбекистон азалдан буюк алломалар юрти бўлган. Самарқанд машҳур мадрасалари ва илмий-маданий мероси билан дунё олимлари эътиборини тортган. Ушбу симпозиум ўтказилаётган Мирзо Улуғбек мадрасаси ҳамон ўз салобатини сақлаб турибди. Биз Ўзбекистон билан ҳамкорлигимиз юксалаётганидан мамнунмиз. Илм-фан соҳасидаги мустаҳкам алоқалар малакали кадрлар тайёрлаш ва мамлакатларимиз тараққиётини янада юксалтиришда муҳим омилдир.
Тадбирда Туркия Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Олган Бекар сўзга чиқиб, Туркия Ўзбекистон билан мустаҳкам ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш тарафдори эканини таъкидлади.
– Бизнинг илм-фан, санъат, маданият соҳаларидаги ҳамкорлигимиз узоқ ўтмишга бориб тақалади. Самарқанд ва Бухородан етишиб чиққан кўплаб алломалар турк диёрида яшаб ижод қилган. Ушбу симпозиум тили ва дини бир, асрлар давомида оға-ини бўлиб яшаб келаётган қардош халқларимиз дўстлигини янада мустаҳкамлашга, буюк аждодлар меросини ўрганиш, уни келажак авлодларга етказишга хизмат қилади, – деди жумладан элчи.
Анжуманда Самарқанд ва Истанбул университетлари қўшма ҳамкорлик асосида ўзбек-турк институтини очиш таклифи илгари сурилди.
Симпозиум шўъбаларга бўлинган ҳолда, маъруза ва муҳокамалар шаклида давом этди.
Манба: ЎзА