Молия вазирлиги Ахборот-ҳисоблаш маркази томонидан махсус электрон платформа яратилди
Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 20 апрелдаги “Ёшларнинг тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва бандлигига кўмаклашиш, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш ҳамда бўш вақтини мазмунли ташкил этишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-6208-сонли Фармонининг ижросини таъминлаш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ахборот-ҳисоблаш маркази ДУК томонидан subsidiya.mf.uz махсус электрон платформаси яратилди.
Мазкур электрон платформа ёшларни қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш, уларнинг бандлигига кўмаклашиш, тадбиркорлик ғоя ва ташаббусларини рағбатлантириш, улар муносиб даромад олиши учун қўшимча шароитлар яратиш, бу борада олиб борилаётган ишларни янги босқичга олиб чиқиш жараёнларидан биридир.
Ушбу электрон платформа фуқароларимизга Давлат буджетидан тўланадиган субсидиялар, компенсациялар ва бошқа имтиёзларни ажратишнинг ошкоралигини таъминлаш билан бир қаторда, мазкур жараёнда бюрократия ва коррупсия ҳолатларининг олдини олиш ҳамда юзага келган муаммолар тўғрисида бевосита масъул мансабдор шахсларга ва фуқароларга хабар бериш имкониятини яратади.
Бугунги кунда электрон платформалари мавжуд бўлмаган вазирлик ва идоралар учун “
subsidiya.mf.uz” веб-дастури орқали шахсий кабинетлар яратилган бўлиб, улар ўзларига тегишли субсидия турлари бўйича маълумотларни киритиб бориш, келиб тушган аризадан хабардор бўлиш имкониятлари дастурда кўзда тутилган.
Ҳозирда ушбу электрон платформа орқали 18 та вазирлик ва идоралар билан хамкорликда 83 турдаги субсидия турларини олиш бўйича жараёнларни электронлаштириш ишлари олиб борилиб, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва Ёшлар ишлари агентлиги билан интеграция ишлари амалга оширилди.
Ҳозирги кунда, тегишли давлат органлари ва ташкилотлари билан биргаликда электрон платформага интеграциялаш ҳамда барча давлат органлари ва ташкилотларига мазкур тизимдан фойдаланиш имкони яратиш чоралари кўрилмоқда.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги