Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Тошкентда Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгаши доирасида “IDEA – Ёш тадбиркорлар форуми” ўз ишини бошлади

2021-09-21 | Иқтисодиёт

20 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгаши (ТТДҲК) доирасида “IDEA  – Ёш тадбиркорлар форуми”нинг очилиш маросимида иштирок этди.

Форум Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги томонидан ТТДҲК Котибияти, “Ёшлар – бизнинг келажагимиз” жамғармаси билан биргаликда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда мамлакатимизнинг бошқа тегишли вазирлик ва идоралари билан яқин ҳамкорликда ташкил этилди.

Форумда Озарбайжон, Туркия, Венгрия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистондан 200 дан ортиқ ёш тадбиркорлар, халқаро экспертлар, Кенгашга аъзо мамлакатларнинг ёшлар масалаларига масъул вазирлари, шунингдек, ТТДҲК котибиятининг раҳбарияти қатнашди.

Кенгашга аъзо мамлакатлар ўртасида ёшларни қўллаб-қувватлаш бўйича амалий ҳамкорлик механизми сифатида мазкур тадбирни ўтказиш ташаббуси Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2019 йил октябрь ойида Боку шаҳрида бўлиб ўтган ТТДҲК 7-саммитида илгари сурилди.

Форум иштирокчилари ўз чиқишларида ТТДҲКга аъзо мамлакатларда ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш, аҳоли бандлигини ошириш ва ёшларнинг иқтисодий мустақиллигига эришиш учун шарт-шароитлар яратишнинг устуворлигини таъкидладилар.

Барча ТТДҲК мамлакатлари аҳолисининг умумий сонида ёшлар улуши 29 фоизни ва Ўзбекистон аҳолисининг 60 фоизини ёшлар ташкил этаётгани маълум қилинди. Шу муносабат билан ёшларни ўз лойиҳаларини амалга оширишда самарали қўллаб-қувватлаш ва ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш ТТДҲК мамлакатлар иқтисодиётларининг ўсишига ижобий таъсир кўрсатиши қайд этилди.

Ўзбекистонда ёшларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар тўғрисида маълумот берилди. Хусусан, “Ёшлар – бизнинг келажагимиз” дастури, ёш фермерларга бепул ер участкалари ажратиш амалиёти, ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналарини яратиш дастури, “Лойиҳалар фабрика”лари, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси фаолияти, шунингдек, ёшларни молиялаштириш ва субсидиялашнинг бошқа механизмлари ҳақида маълумот берилди.

Тадбир давомида бир қатор янги ташаббуслар ҳам илгари сурилди, хусусан, ТТДҲК платформасида “Инновацион лойиҳалар фабрикаси”ни ташкил этиш ҳамда энг истиқболли лойиҳаларни молиялаштирадиган ТТДҲК Инвестиция жамғармасини ташкил қилишни жадаллаштириш таклиф этилди. Шунингдек, жорий йилнинг ноябрь ойида Тошкентда бўлиб ўтадиган “InnoWeek.uz” Йиллик инновацион ғоялар ҳафталиги доирасида ТТДҲКга аъзо мамлакатлар ёшларининг стартап лойиҳаларига бағишланган алоҳида сессия ташкил қилиш ҳамда ижтимоий тармоқларда “TED Talks” ва тақдимотлар шаклида ТТДҲКга аъзо мамлакатларнинг ёш тадбиркорлари ва муваффақиятли ишбилармонлари ўртасида мулоқот ўрнатиш учун онлайн-канал яратиш таклиф этилди.

Маросим якунида иштирокчилар форум бевосита алоқаларни йўлга қўйиш ҳамда ТТДҲКга аъзо ва кузатувчи мамлакатлар ёш тадбиркорлари ўртасида тажриба алмашиш учун самарали платформа бўлишига ишонч билдирдилар.

Форум ўз ишини 21 ва 22 сентябрь кунлари агросаноат соҳаси, енгил саноат, IT стартаплари, туризм, маркетинг ва турли бошқа йўналишларда давом эттиради.

Форум иштирокчилари турли соҳалар ва мамлакатимизда ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш учун яратилган имкониятлар салоҳияти билан танишишлари, лойиҳаларни амалга ошириш бўйича тажриба алмашишлари мақсадида тадбирлар дастурида уларнинг Тошкент ва Тошкент вилояти саноат корхоналарига ташрифлари ҳам ўрин олган.

Шунингдек, тадбир доирасида Туркий Кенгашга аъзо мамлакатлардан келган ёш тадбиркорлар ва ишлаб чиқарувчиларнинг саноат кўргазмаси ҳамда “B2B” шаклидаги учрашувлар ташкил этилмоқда.

Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги

Поделиться