Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Президент бунёдкорлик лойиҳалари билан танишди
2021-09-20 | Сиёсат
Президент Шавкат Мирзиёев 20 сентябрь куни таълим, маданият ва тиббиёт соҳаларидаги бунёдкорлик лойиҳалари тақдимоти билан танишди.
Давлатимиз раҳбарининг шу йил 23 июндаги қарорига мувофиқ “Янги Ўзбекистон” университетига асос солинган эди. Қарорда университет учун замонавий ўқув кампуси бунёд этилиши белгиланган.
Шу мақсадда туркиялик муҳандислар билан биргаликда лойиҳа ишлаб чиқилган.
Тадбирда ушбу лойиҳанинг асосий жиҳатлари, бўлажак бинода яратиладиган шароитлар ҳақида маълумот берилди.
Тақдимотда янги кутубхона лойиҳаси ҳам кўриб чиқилди. Бу маънавият уйи Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғи ҳудудида барпо этилади. Унинг ташқи кўриниши юртимиздаги қадимий обидаларга уйғун тарзда лойиҳалаштирилган. Улкан китоб фондини сақлаш, мутолаа, маданий ҳордиқ чиқариш, турли тадбирлар ўтказиш билан боғлиқ барча жиҳатлар инобатга олинган.
Давлатимиз раҳбари шу йил 14 май куни Республика онкология ва радиология тиббиёт марказига бориб, шароитларни кўздан кечирган эди. Ушбу марказ учун янги бино қуриш вазифаси қўйилиб, Тошкент тиббиёт академияси клиникаси ҳудудидан ер ажратилди.
Хорижий тиббиёт муассасаларининг илғор тажрибаси, шифокор ва беморлар учун барча шароитлар ҳисобга олиниб, лойиҳа ишлаб чиқилди.
Янги бино 10 қават бўлиб, биринчи қаватда маслаҳат поликлиникаси ва қабул бўлими жойлашади. Юқори қаватларда 650 стационар ва 100 амбулатор ўринга эга даволаш бўлимлари бўлади. Шунингдек, бу ерда Тошкент тиббиёт академияси, Тошкент врачлар малакасини ошириш институти кафедралари, магистратура, ординатура учун ҳам шароитлар яратилади.
Бинонинг 3 қаватли ерости қисмида радиология ва нур терапия бўлимлари, замонавий компьютер томография, магнит резонанс томография, рақамли рентген ускуналари ва бошқа замонавий диагностика бўлимлари жойлаштирилади.
Давлатимиз раҳбари қурилишларни халқаро стандартлар асосида, сифатли амалга ошириш, биноларга хизмат кўрсатадиган техник ходимларни ҳозирдан тайёрлаб бориш юзасидан кўрсатмалар берди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти