2021 йил 20 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Шветсия Қироллигининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси (қароргоҳи Стокголм шаҳрида) Ингрид Терсманни мамлакатимиздаги дипломатик миссияси якунланаётгани муносабати билан қабул қилди.
Учрашув чоғида Вазир Элчининг Ўзбекистон-Швеция муносабатларини кенгайиштириш ва мустаҳкамлашга қўшган ҳиссасини юқори баҳолади. Сўнгги йилларда сиёсий мулоқот, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар алоқалар сезиларли даражада фаоллашгани мамнуният билан қайд этилди.
Стокголм шаҳрида очилиши режалаштирилган Ўзбекистон Элчихонаси икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилиши таъкидланди. Ўз навбатида, И.Терсман ўз фаолияти давомида (2016-2021 йиллар) Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли демократик, ижтимоий-иқтисодий, суд-ҳуқуқ ислоҳотларига гувоҳ бўлганини билдирди.
Швеция Элчиси мамлакатимизда миссиясини муваффақиятли амалга ошириши учун яратилган қулай шарт-шароитлар учун Ўзбекистон томонига миннатдорчилик изҳор этди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги