Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Тошкент шаҳрида “Россия ва Ўзбекистон ҳамкорлигининг янги тарихий босқичидаги тараққиёт ва хавфсизлик таҳдидлари” мавзусида халқаро конференция ўтказилади
2021-09-20 | Хавфсизлик соҳаси
Ушбу конференция институт ҳамда клуб ўртасида 2019 йил Самарқандда бошланган мулоқотнинг давоми бўлиб, Ўзбекистон ва Россия экспертларининг ҳамкорликдаги иккинчи тадбири ҳисобланади.
Тадбирда икки мамлакатнинг юқори мартабали вакиллари, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Фарҳод Арзиев, Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазири ўринбосари Андрей Руденколар қатнашишади.
Шу билан бирга, Тошкентдаги платформада икки давлатнинг етакчи мутахассислари ҳам, жумладан, Ўзбекистон томонидан – Ўзбекистон Республикаси Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори Элдор Арипов, Марказий Осиё халқаро институти директори Анвар Носиров, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Нодир Жумаев, шунингдек, Россия тарафидан – “Яндекс Go” компаниясининг корпоратив алоқалар бўйича директори Александр Висоцкий, Россия темир йўлларининг хорижий лойиҳалар ва халқаро ҳамкорлик бўлими бошлиғи Антон Козлов, “Валдай” халқаро мунозара клубини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш жамғармаси бошқаруви раиси Андрей Бистрицкий, “Валдай” халқаро мунозара клубини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш жамғармаси тадқиқотлари директори Фёдор Лукьянов, “Валдай” халқаро мунозара клуби дастур директори Тимофей Бордачев ва бошқаларнинг ҳам иштирокида кўзда тутилган.
Юқори даражадаги навбатдаги мулоқот ўтказилишининг асосий сабабларидан бири, шубҳасиз, мутахассис ва экспертларнинг Ўзбекистонга бўлган катта қизиқиши билан боғлиқ. Аҳоли сони бўйича минтақада етакчи, экспортга йўналтирилган ишлаб чиқариш салоҳияти ҳамда қудратли Қуролли Кучларга эга Ўзбекистон Марказий Осиёда алоҳида ўрин тутади.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги муносабатлар янада изчил ривожланмоқда. Сиёсий ва дипломатик алоқалар иттифоқчилик ва стратегик шерикликнинг ҳақиқий хусусиятига эга бўлди. 2020 йилги пандемия даврида савдо айланмаси 5,6 миллиард долларгача камайганига қарамай, ушбу кўрсаткич 2016 йилга нисбатан 1,5 баробар кўпдир. 2021 йилнинг биринчи ярмида товар айирбошлаш ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 30 фоизга ортиб, 3,7 миллиард долларни ташкил этди. Икки мамлакат ўртасидаги саноат кооперациясини ривожлантиришнинг узоқ муддатли режалари ҳам ўзаро савдо ҳажмини янада оширади.
Ушбу тамойил иқтисодий ҳамкорликдаги бошқа кўрсаткичларда ҳам намоён бўлмоқда. Охирги тўрт йилда Ўзбекистонда Россия капитали иштирокидаги корхоналар сони 915 тадан қарийб 3 мингтага етди. Ҳатто 2020 йил, пандемия даврида ҳам Россия капитали иштирокида 240 та янги корхона ишга туширилди.
Бугунги кунда 2019-2024 йилларга мўлжалланган Иқтисодий ҳамкорлик дастури, шунингдек, умумий қиймати 25 миллиард долларга тенг 800 дан ортиқ савдо-инвестициявий битим ва меморандумлар доирасида фаол ишлар амалга оширилмоқда.
Ушбу конференцияда Ўзбекистон ва Россия муносабатларининг асосини ташкил этувчи йўналишлар ва бошқа долзарб мавзуларни кўриб чиқиш режалаштирилган. “Марказий Осиёда ислоҳотлар ва тараққиёт: Россия ва Ўзбекистоннинг ёндашувлари. Икки томонлама ўзаро муносабатларнинг гуманитар жиҳатлари”, “Минтақавий хавфсизлик: ташқи ва ички омиллар”, “Марказий Евросиёдаги халқаро савдо ва интеграция” кабилар шулар жумласидандир.
Конференциянинг очилиш, биринчи сессияси, шунингдек ёпилиш қисми оммавий ахборот воситалари ва кенг аудитория учун очиқ бўлиб, интернет орқали онлайн-трансляция қилинади.
Конференция доирасида “Валдай” халқаро мунозара клуби томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти кўмагида тайёрланган “Евросиёнинг темир устуни: ютуқлар, муаммолар ва минтақавий боғлиқлик истиқболлари” номли янги тўпламнинг тақдимоти ҳам ўтказилади. Ушбу таҳлилий ҳужжат Евросиёдаги транспорт ва логистика соҳасига бағишланган бўлиб, темир йўл алоқасини ривожлантиришга қаратилган.
Манба: ЎзА