Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Адлия вазири сирдарёлик тадбиркорлар ва нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари билан учрашди
2021-09-18 | Жамият
Бугун, 18 сентябрь куни адлия вазири Русланбек Давлетов хизмат сафари билан Сирдарё вилоятида бўлиб, вилоятдаги нодавлат-нотижорат ташкилотлари, тадбиркорлик субъектлари ва юридик хизмат кўрсатиш марказлари фаолиятини ташкил этиш билан яқиндан танишмоқда.
Адлия вазири хизмат сафарини вилоятдаги ижтимоий лойиҳаларни амалга ошираётган нодавлат нотижорат ташкилотлари, хусусан Ўзбекистонда эшитиш қобилиятида нуқсони бўлган фуқароларни бирлаштириб туривчи жамиятнинг Сирдарё вилоят бўлими вакиллари билан учрашувдан бошлади.
Жамиятнинг Сирдарё вилоят бўлими эшитиш қобилиятида нуқсони бор фуқароларни бирлаштириш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида ташкил этилган бўлиб, бугунги кунда 850 та аъзоси мавжуд.
Мазур жамиятга аъзо бўлган Комила Каримова 2017 йилдан буён заргарлик санъати бўйича турли хил зебу-зийнат маҳсулотларини ясаш билан шуғулланади.
К. Каримова ўз бизнесини ривожлантириш, эшитиш ва гаплашишга нуқсони бўлган ёшларни ҳунарга ўргатиш мақсадида бизнес режа ишлаб чиққанлигини, агар унга пул маблағлари ажратилса, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш нияти бор эканлигини айтиб ўтди.
К. Каримованинг ушбу мурожаати инобатга олиниб унга тадбиркорлик фаолиятини бошлаш ва ривожлантириш учун Адлия вазирлиги томонидан амалий ёрдам берилиб, пул маблағлари ажратиладиган бўлди.
Жамиятнинг яна бир аъзоси аъзоси Саодат Юсупова 2010 йилдан буён тикувчилик билан шуғулланади. С. Юсупова ҳам ўз тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантириш учун моддий кўмак зарур эканлигини маълум қилди. Адлия вазирлиги С. Юсуповага 3 та тикув машинаси харид қилишда амалий ёрдам кўрсатадиган бўлди.
Шунингдек, Адлия вазири хизмат сафари давомида Гулистон шаҳрида жойлашган Сирдарё вилояти ногиронлар жамиятига қарашли “Машҳура Шерзод” тикувчилик корхонаси фаолияти билан ҳам танишди.
Адлия вазири вилоят ногиронлар жамияти раҳбари М. Абдураимова билан учрашиб, жамиятдаги муаммоларни ўрганди.
Мазкур жамият аъзоси 2-гуруҳ ногирони Ш. Раҳмоналиева Гулистон туманида яшайди. Ш. Раҳмоналиева қарийб икки йилдан ортиқ муддат давомида Гулистон шаҳрига 20 километрдан ортиқ масофадан қатнаб тикувчилик билан шуғулланиб келишини ва бу маълум даражада қийинчилик туғдирётганлигини айтиб ўтди.
Ш. Раҳмоналиева ўзига тикув машинаси олиш учун пул маблағи ажратилса, келгусида ўз уйида фаолият кўрсатиши мумкинлиги ҳақида мурожаат қилди.
Мазкур мурожаатга ижобий ечим топилди. Яъни Ш. Раҳмоналиевага тикув машинаси ажратилишида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан амалий кўмак берилиши маълум қилинди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги