Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Европа парламентидаги “Европа Иттифоқи – Ўзбекистон” дўстлик гуруҳи иштирокида учрашув
2021-09-17 | Сиёсат
Марказий сайлов комиссияси раиси ўринбосари Б.Қўчқоровнинг Европа парламентидаги “Европа Иттифоқи – Ўзбекистон” дўстлик гуруҳи Бош котиби И.Текдемир билан учрашуви бўлиб ўтди.
Учрашувда жорий йилнинг октябрь ойида бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш борасида олиб борилаётган ишлар, хусусан, сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартиришлар, сайлов кампаниясини молиялаштириш, сайлов жараёнида замонавий ахборот технологиялардан фойдаланиш, Президент сайловини ўтказувчи округ сайлов комиссиялари фаолияти, чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналар ҳузурида тузилган сайлов участкалари каби масалалар ҳақида сўз юритилди.
Шу билан бирга Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасида ҳамкорлик масалалари муҳокама этилди.
Маълумот ўрнида қайд этиш жоиз, “Европа Иттифоқи – Ўзбекистон” дўстлик гуруҳи сиёсий, ишбилармон доиралар, шунингдек, фуқаролик жамияти вакиллари ўртасида юқори даражадаги мулоқотни таъминлаш орқали Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги алоқаларни янада яқинлаштиришда мустақил платформа бўлиб хизмат қилади.
Дўстлик гуруҳи фаолияти маданият, таълим, илм-фан соҳаларида икки томонлама ҳамкорликни, шунингдек, фуқаролар ўртасида алоқаларни ривожлантириш, кенг доирадаги конструктив учрашувлар ва парламент дипломатияси орқали Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи институтлари ўртасидаги ўзаро муносабатларни кучайтиришга қаратилган.
Манба: ЎзА