Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Молия вазирлиги Ахборот-ҳисоблаш маркази ва Ташқи иқтисодий фаолият “Миллий банк” акциядорлик жамияти ўртасида ҳамкорлик меморандум имзоланди
2021-09-16 | Сиёсат
Молия вазирлиги Ахборот-ҳисоблаш маркази томонидан “УзАСБО” дастурий мажмуасини ривожлантириш ва буджет ташкилотларига замонавий технологик хизматларни кўрсатиш учун шароитлар яратиш мақсадида, Ахборот-ҳисоблаш маркази ва тўлов хизматларини тақдим этувчи Ташқи иқтисодий фаолият “Миллий банк” акциядорлик жамияти ўртасида ҳамкорлик меморандум имзоланди.
“Миллий банк” тўлов хизматлари орқали “Ойлик мониторинг” хизматини (ойлик иш ҳақи бўйича электрон шаклда тўлиқ маълумотлар олиш хизмати) амалга ошириш бўйича хизматларни ташкил этиш режалаштирилган.
2011 йилда ишга тушурилган “УзАСБО” дастурий мажмуасида бугунги кунда 30 мингдан ортиқ буджет ташкилотлари рўйхатдан ўтган бўлиб, жами
3 миллиондан ортиқ буджет ташкилотлари ҳодимларига иш ҳақи бўйича хизматлар кўрсатиб келинмоқда.
Бундан ташқари келгусида мазкур хизматлар рўйхатини янада кенгайтириб бориш ҳам кўзда тутилган бўлиб, аҳолидан бюджет ташкилотларига тўловларни амалга ошириш белгиланган. Масалан, Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги буджетдан ташқари Республика мақсадли китоб жамғармасига китоб ижараси учун, тиббиёт муассасаларида кўрсатилган тиббий хизматлар учун, олий ва профессионал таълим муассасалари контракт тўловлари учун ва мактабгача таълим ташкилотларида ота-оналар бадал тўловлари учун ҳамда бошқа хизматлар учун “Миллий банк” тўлов хизматларини таклиф этиш назарда тутилган.
Шунингдек, “Миллий банк” тўлов тизими томонидан буджет ташкилотлари ходимларига микроқарзларни расмийлаштириш ва микрокредитларни бериш ишларини ташкил этиш ҳамда режалаштирилган.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги