Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Сенат раиси Жиззахдаги БМХ трассаси билан танишди
2021-09-16 | Жамият
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси, Ўзбекистон велоспорт федерацияси раиси Танзила Норбоева Жиззахда қурилаётган БМХ трассасини кўздан кечириб, ташкилий жараёнлар билан танишди. Ташриф давомида Сенат раисига Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Салиев ҳамроҳлик қилди.
Шуни таъкидлаш жоиз, Жиззахда қурилаётган ушбу арена 3400 томошабинга мўлжалланган. Мазкур спорт иншооти Ўзбекистон велосипед спорти оиласи учун янги бўлган йўналиш – БМХга ихтисослашган. Мажмуадан конференс зал, спорт зали, ВИП майдон, иккита теннис корти, иккита мини-футбол майдони ҳамда 100 кишига мўлжалланган меҳмонхона ҳам ўрин олган.
Эътироф этиш керак, дунёда бу каби жаҳон стандартларига жавоб берадиган атиги 32 та БМХ объекти мавжуд. Келгусида ушбу мажмуа велоспортнинг БМХ йўналиши бўйича Ўзбекистон терма жамоасининг асосий ўқув базасига айланади. Шу мақсадда яқин йилларда юртимизга хорижлик малакали мутахассисларни жалб қилиш ҳамда ёшларимиз орасида ушбу йўналишни янада оммалаштириш ва ривожлантириш режалаштирилган.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги