Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Сеулда бўлиб ўтган учрашув чоғида Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасида Эркин савдо битими бўйича мунтазам музокараларни ташкил этиш бўйича келишувга эришилди
2021-09-15 | Иқтисодиёт
Ўзбекистон элчиси Виталий Фен Жанубий Корея савдо, саноат ва энергетика вазирлигининг Эркин савдо битимлари сиёсати бўйича бюроси бош директори Янг Ги Ук билан учрашув ўтказди.
Жанубий Корея томонидан ҳукуматлараро Эркин савдо битимини (ЭСБ) тузиш бўйича бош музокарачи Янг Ги Ук Корея Республикаси Президенти маъмурияти томонидан Ўзбекистон билан музокаралар жараёнига катта қизиқиш мавжуд эканлигини маълум қилди.
Жорий йил 26-28 апрель кунлари ЭСБ бўйича биринчи расмий музокаралар бўлиб ўтди. Унда бешта ишчи гуруҳ товарлар савдоси, савдо учун техник тўсиқлар, келиб чиқиш қоидалари, божхона тартиботлари ва савдони енгиллаштириш, шунингдек, ҳуқуқий ва институционал масалалар бўйича батафсил музокаралар ўтказди. Шу билан бирга, томонлар иккинчи расмий музокараларга тайёргарлик кўриш учун ишчи музокараларда ҳам қатнашди.
Жанубий Корея томони бўлажак олий даражадаги алоқаларга фаол тайёргарлик кўрилаётгани ҳақида маълумот берди. Ҳукуматлараро Эркин савдо битими масаласи икки томонлама кун тартибининг муҳим элементи эканлигини инобатга олинса, Жанубий Корея томони аниқ натижага эришиш учун барча ҳаракатларни амалга оширишга тайёр эканлиги маълум қилинди. «Президентларимиз жорий йилнинг январь ойида ўтказилган онлайн-саммит доирасида Эркин савдо битими бўйича расмий музокараларни бошлаб юбордилар ва биз уларга биргаликдаги ишларимизнинг аниқ натижаларини билдиришимиз керак», - деди Янг Ги Ук.
Жанубий Корея томонидан Ўзбекистон билан ЭСБ бўйича бош музокарачи жорий йилнинг октябрь ойи бошида ўзбекистонлик шериклар билан музокаралар ўтказиш учун мамлакатимизга келишга тайёр эканини билдирди.
Учрашув якунида сентябрь ойи охирида асосий музокарачилар ўртасидаги мунтазам сессиялараро музокараларни ташкил этиш ҳамда иккинчи расмий музокараларга юқори даражада тайёргарлик кўриш юзасидан келишувга эришилди.
Манба: “Дунё” ахборот агентлиги