Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ички ишлар вазирлиги, Туризм ва спорт вазирлиги ҳамда Миллий Олимпия қўмитаси ўртасида ўзаро ҳамкорлик Меморандуми имзоланди
2021-09-15 | Ёшлар
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Туризм ва спорт вазирлиги ҳамда Миллий олимпия қўмитаси томонидан спорт билан мунтазам шуғулланиш, мутахассисларни тарбиялашга йўналтирилган машғулотлар, мусобақалар ва амалий тадбирлар ташкил этиш, шунингдек, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, республика аҳолиси, жумладан ёш авлодни спортга кенг жалб этиш, профессионал ва ҳаваскор спортчилар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширишда ўзаро ҳамкорлик қилиш мақсадида Меморандум имзоланди.
Шу мақсадда Ички ишлар вазирлигида ташкил этилган тантанали тадбирда Ички ишлар вазирининг ўринбосари Б.Абдуллаев, Туризм ва спорт вазирининг ўринбосари А.Каримов ҳамда Миллий Олимпия қўмитаси раисининг ўринбосари Ш.Тошматовлар иштирок этди.
Меморандумга мувофиқ, ҳамкорлик тадбирларининг асосий мақсадлари этиб, спорт билан шуғулланиш, ҳамкорликда спорт мусобақаларни ташкиллаштириш ва уларни ўтказиш, республика миқёсида ўтказиладиган турли спорт мусобақаларида ички ишлар органлари терма жамоалари ва ходимларининг фаол қатнашиши бўйича чора-тадбирларни кўриш, профессионал ва ҳаваскор спортчилар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга ошириш ва бу борада тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш белгиланган.
Томонлар ҳамкорликда спортнинг техник ва амалий, ҳарбий-амалий, шунингдек, яккакураш турлари бўйича замонавий асбоб-ускуналар ҳамда инвентарлар билан таъминлаш, ички ишлар органларида жисмоний тайёргарликнинг самарадорлигини ошириш учун шарт-шароитлар яратиш, техник ва амалий, ҳарбий-амалий, шунингдек, яккакураш спорт турларини ривожлантириш ҳамда турли спорт мусобақаларида ички ишлар органлари спортчиларининг қатнашишни ташкил этиш, соғлом турмуш тарзини тарғибот-ташвиқот қилувчи ҳамда жисмоний тарбия ва спортни оммалаштиришга йўналтирилган оммавий спорт тадбирлари (юриш, югуриш, стритбол, футбол, бадминтон, волейбол, баскетбол, стол тенниси, сузиш, кўргазмали чиқишлар ва ҳоказолар)ни профессионал ва ҳаваскор спортчиларни жалб қилган ҳолда тизимли равишда ташкиллаштириш, аҳолини жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиши учун шароит яратиш, жумладан маҳаллалар ва кўп қаватли уйлар орасидаги спорт майдончалар фаолиятини ривожлантириш ва такомиллаштириш, аҳолини кенг қатлами ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, уларни мунтазам равишда жисмоний тарбия билан шуғулланишга жалб қилиш, одамларнинг замонавий ҳаёт тарзи ва ишлари билан боғлиқ бўлган асосий касалликлар сабабларини тушунтириш ҳамда уларни профилактика қилиш, соғлиғини мустаҳкамлаш соҳасида профессионал ва ҳаваскор спортчилар иштирокида ва улар мисолида тарғибот-ташвиқот ишларини ташкил этиш каби вазифаларни амалга оширади.
Туризм ва спорт вазирлиги Меморандум доирасида ички ишлар органларида жисмоний тайёргарликнинг самарадорлигини ошириш учун шарт-шароитлар яратиш, техник ва амалий, ҳарбий-амалий, шунингдек, спорт турларини ривожлантириш, спортнинг техник ва амалий, ҳарбий-амалий, шунингдек, спорт турлари бўйича замонавий асбоб-ускуналар ҳамда инвентарлар билан таъминлаш, ички ишлар органлари томонидан ўтказиладиган спорт йўналишлари бўйича мусобақаларига малакали ҳакамлар билан таъминлаб бериш, ички ишлар органларининг ҳудудий бўлинмалари ходимлари спорт билан мунтазам равишда шуғулланишлари учун ҳудудий болалар ва ўсмирлар спорт мактабларида махсус малакага эга бўлган мутахассисларини жалб қилиш ҳамда ўқув жараёнига халақит бермаган ҳолда ҳафтасига икки маротаба шуғулланиш учун шароитларни яратиш, спортнинг самбо, қўл жанги, фудокан каратэ ва футбол турлари бўйича ИИВнинг очиқ чемпионати ва кубокларини ўтказишда амалий ёрдам кўрсатиш, Ички ишлар органлари томонидан ташкил этиладиган спорт мусобақаларига “Шарқ якка кураши ва жанг санъати маркази”нинг зарур бўлган куч ва воситаларини ажратиш, республика миқёсида ўтказиладиган спорт мусобақаларига ички ишлар органлари терма жамоаларини жалб қилиш ҳамда уларни халқаро мусобақаларга саралаш босқичларига таклиф этиш, ёшлар, хусусан, боғча ёшидаги болаларда “жисмоний тарбия” ва спорт тушунчасини пайдо қилиш ва уларни қизиқтириш мақсадида “Болаликдан спортга”, “Тонгги гимнастика”, умумтаълим мактабларида “Биз билан бажар, биздек бажар, биздан яхшироқ бажар!”, синфлараро “Қувноқ стартлар”, “Катта ёшдагилар учун аэробика”, “Бошланғич йога машғулотлари”, “Ортиқча вазндан воз кеч!”, маҳалла ёшлари ўртасида футбол бўйича “Чарм тўп”, “Маҳаллада футбол”, “Футболимиз келажаги”, ходимлар ўртасида “Раҳбар кубоги”, “Ҳоким кубоги”, “Бош вазир кубоги” каби спорт машғулотларини ҳамда оилалар ўртасида ўтказиладиган “Отам, онам ва мен - спортчилар оиласи!” телевизион спорт мусобақалари, шунингдек, оммавий спортни ривожлантириш бўйича оилалар, синфлар, меҳнат жамоалари ва ҳудудлар ўртасида профессионал ва ҳаваскор спортчиларни жалб қилган ҳолда спорт мусобақаларини мунтазам равишда ўтказиш каби вазифаларни амалга оширади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги