Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Тўқимачилик саноати маҳсулотлари экспорт ҳажми ва географияси кенгаймоқда
2021-09-14 | Жамият
Ўзбекистон тўқимачилик саноати маҳсулот ишлаб чиқариш, инвестициялар жалб қилиш, янги корхона ва иш ўринларини ташкил этиш, аёллар ва ёшларни иш билан таъминлашда етакчи ҳисобланади.
Экспорт қилувчи корхоналарга берилаётган имтиёзлар натижасида бугунги кунга келиб тўқимачилик саноати тармоғи маҳсулот экспорт қилишда ҳам етакчи ўринни эгалламоқда. “Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси матбуот хизмати маълумотига кўра, ўтган йили пандемия бўлишига қарамай ихтисослашган корхоналар томонидан чет элга 1,9 миллиард долларлик маҳсулот экспорт қилинди. Эътиборли жиҳати, жорий йилнинг 8 ойида 1 913,7 миллион долларга тенг тўқимачилик маҳсулотлари экспорти амалга оширилиб, 2020 йилдаги экспорт кўрсаткичи жорий йил 8 ойида уддаланди. Бу кўрсаткич мамлакат умумий экспорт ҳажмидан 26 фоизини ташкил қилмоқда. Йил якунига қадар 3,05 миллиард долларлик маҳсулот экспорт қилиниши кутилмоқда.
2021 йил Европа Иттифоқи комиссиясининг бир томонлама қарорига биноан апрель ойидан бошлаб Ўзбекистон учун GSP+ имтиёзлар тизими кучга кирди. Бу қарор Европа бозорига эшикларни очиб, тўқимачилик маҳсулотларининг рақобатбардошлигини ошириш, шунингдек, халқаро брендлар ва чакана сотувчиларнинг Ўзбекистондаги тўқимачилик корхоналари билан ҳамкорликка бўлган қизиқишини ошириш имконини берди.
Жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида дунёнинг 62 давлатига тўқимачилик маҳсулотлари экспорт қилинди. Айни пайтда Россия ўзбек тўқимачилик маҳсулотларининг етакчи истеъмолчиси ҳисобланади. Унинг экспортдаги улуши 32,4 фоиз (619,1 миллион доллар)ни ташкил этмоқда.
Иккинчи ва учинчи ўринларда мос равишда Хитой – 23,8 фоиз (455,5 миллион доллар) ва Туркия – 13,6 фоиз (259,6 миллион доллар) эгаллаб турибди. Қирғизистонга экспорт йилдан-йилга ошиб бормоқда ва ҳозирги кунга келиб 13,2 фоиз (251,6 миллион доллар)ни ташкил этмоқда.
Ушбу давлатларнинг улуши жами экспортда 83 фоизга (1,6 миллиард доллар) тўғри келди. Экспорт қилувчи корхоналарни рағбатлантириш янги корхоналарни экспортга жалб этишга ёрдам бермоқда. Масалан, 2020 йилда 977 корхона маҳсулот экспорти билан шуғулланган бўлса, 2021 йилга келиб бу кўрсаткич 1 минг 196 тага етди.
Манба: ЎзА