Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Руминияда ўзбек миллий кураши бўйича Ўзбекистон Президенти кубоги учун халқаро турнир ўтказилди
2021-09-14 | Спорт
Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати Руминияда ўзбек миллий кураши бўйича Ўзбекистон Президенти кубоги учун халқаро турнир ўтказилди.
Давлатимиз раҳбарининг «Кураш миллий спорт турини ривожлантириш ва унинг халқаро нуфузини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижроси доирасида ташкил этилган мусобақада Европа қитъасининг қатор давлатларидан полвонлар ғолиблик учун ўзаро куч синашди.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги, Халқаро кураш ассоциацияси, Руминия ва Ўзбекистон кураш федерациялари ҳамкорлигида ўтказилган турнир спорт ихлосмандлари томонидан илиқ кутиб олинди. Ўз навбатида, мазкур мусобақа миллий спортдан халқаро спорт турига айланган ўзбек курашини Европа мамлакатлари ёшлари ўртасида оммалаштириш, кураш мавқеи ва обрўсини янада оширишга хизмат қилди.
Мусобақа доирасида курашчилар ва ҳакамлар учун миллий кураш қоидаларига киритилган сўнгги янгиликлар бўйича ўқув семинари ҳам ташкил этилди.
Ўзбекистон вакиллари Руминия спорт мутасаддилари билан ўтказган учрашувларда ушбу мамлакатда ўзбек миллий курашини янада омалаштириш, миллий турнир ва чеспионатларни мунтазам ўтказиш, жаҳон ва Европа биринчиликларини ташкил этишда ҳамкорлик қилиш, кураш тўгараклари сонини кўпайтириш, мураббийлар малакасини оширишга келишиб олди.
Муросасиз курашлар остида ўтган турнир ғолиб ва совриндорларига мукофотлар топширилди.
Манба: “Дунё” ахборот агентлиги