Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Тадбиркорлар мурожаати – амалдаги ислоҳотлар кўзгуси
2021-09-13 | Жамият
Қарши шаҳридаги “IT Park”да Қашқадарё вилояти ҳокими Зойир Мирзаев, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги Тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Б.Ахмедов ҳамда вазирлик ва идоралари раҳбарлари, бошқарма, ташкилот ва муассасалар, шаҳар ва туманлар ҳокимлари, уларнинг ўринбосарлари ҳамда тадбиркорлар иштирокида “Давра суҳбати” видеоконференц алоқа шаклида ўтказилди.
Давра суҳбатида вилоят, шаҳар ва туманлар студиясидан 330 нафар тадбиркор ҳамда вилоят мутасадди ташкилотлари раҳбарлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Тадбир Давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев иштирокида жорий йилнинг 20 август куни бўлиб ўтган тадбиркорлар билан очиқ мулоқотнинг давоми эканлиги ва Янги Ўзбекистон сиёсатида тадбиркорни рози қилиш ва қўллаб-қувватлаш ҳар бир раҳбарнинг асосий вазифаси эканлиги таъкидланди.
Қарийб 3,5 соат давом этган мулоқот давомида тадбиркорлар томонидан жами таклифлар ва муаммолар муҳокама қилиниб, республика вазирлик ва идоралари миқёсида ҳал этилиши лозим бўлган тизимли муаммоли масалалар бўйича мутасаддиларга кўрсатма берилди.
Айтиш жоизки, кейинги йилларда тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида ҳукумат томонидан 1 минг 400 дан ортиқ фармон ва қарорлар билан имтиёз ва преференциялар берилди. Хусусан, пандемия даврида 17 та фармон ва қарор имзоланди. Бунинг натижаси ўлароқ охирги беш йилда Қашқадарёда тадбиркорлар сони 2 бараварга ошди. Жумладан, ҳозирда вилоятда 60 минг 724 та тадбиркорлик субъекти фаолият юритмоқда. Кичик бизнес субъектларининг вилоят ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши 2016 йилдаги 64,8 фоиздан 71 фоизга етди. Солиқ тушумидаги улуши 22 фоиздан 58 фоизга (+ 532 миллиард сўм) ўсди.
Янги тадбиркорлик субъектларини ташкил қилишнинг йиллик кўрсаткичи ўртача 1 минг 600 тадан, 10 минг тага (+ 8400 та) кўтарилди.
Таҳлилларга кўра, 2016 йилда кичик бизнес соҳасида банд бўлганлар 944 минг кишини ташкил қилган бўлса, ҳозирда бу соҳада 980 минг киши банд (+ 36 минг киши). Пандемия даврида вилоятдаги 51,5 мингта тадбиркорга 6,7 триллион сўмлик имтиёз ва преференсиялар берилди, 5 минг 786 тасини 576 миллиард сўмлик кредитларининг тўлов муддати узайтирилди.
Жорий йилнинг 8 ойида жами 7 минг 471 та янги субъект ташкил қилинди, 1 минг 398 тасининг фаолияти қайта тикланди. Ўтган даврда уларга 2 триллион сўмга яқин банк кредити ажратилди.
Таъкидлаш лозимки, мамлакат раҳбари жорий йилнинг 20 август куни тадбиркорлар билан “очиқ мулоқот” шаклида учрашиб, тадбиркорликни янада қўллаб-қувватлаш мақсадида 7 та энг муҳим йўналишларни белгилаб берди.
Жумладан, бизнесни молиялаштириш ва кредитлаш, солиқ тизимини такомиллаштириш, бизнесга солиқ юкини имкон қадар камайтириш, тадбиркорлик учун ер ажратиш, тадбиркорларнинг инвестиция лойиҳаларини зарур инфратузилма билан таъминлаш, экспортёр корхоналарни қўллаб-қувватлаш, ишлаб чиқаришни янада ривожлантириш бўйича савдо ва кооперация алоқаларини кенгайтириш, тадбиркорлик фаолиятига асоссиз аралашувларни қисқартириш, уларда ҳуқуқий мулк дахлсизлигини таъминлаш устувор вазифалар этиб белгиланди.
Ушбу вазифалар ижроси доирасида вилоятда ҳозиргача 64 та тадбиркорлик субъектининг 10,7 миллиард сўмлик сносдан бўлган қарздорликлари тўлиқ тўлаб берилди. Белгилаб берилган йўналишлар бўйича вилоятда амалга ошириладиган ишлар юзасидан алоҳида “ЙЎЛ ХАРИТА” ишлаб чиқилиб амалга оширилмоқда.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Президент билан учрашувга тайёргарлик жараёнида Республика “call” марказига вилоятдан 1 минг 363 нафар тадбиркор томонидан савол ва муаммолар ўртага ташланди.
Вилоят, туман, шаҳар ҳокимликлари ва мутасадди тизим раҳбарлари билан ҳамкорликда 24 июлдан бўён 1 минг 356 та тадбиркорнинг масаласи ҳал қилинди.
Манба: ЎзА