Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгашига аъзо давлатлар иқтисодиёт вазирлари ва кузатувчилари учрашувида иштирок этди
2021-09-12 | Иқтисодиёт
Боку (Озарбайжон) шаҳрида Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгашига аъзо давлатлар иқтисодиёт (савдо) вазирлари ва кузатувчиларининг 10-йиғилиши доирасида ўтказилиши режалаштирилган қатор тадбирлар бўлиб ўтди.
Вазирлар йиғилишига Туркий Кенгаш Бош котиби Багдад Амреев ва Озарбайжон иқтисодиёт вазири Микаил Жабборов раислик қилди. Йиғилиш тадбирларида Қирғизистон, Қозоғистон, Ўзбекистон, Венгрия ва Туркия вазирлари ҳам иштирок этди. Ўзбекистон делегациясига инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг биринчи ўринбосари А.Воитов раҳбарлик қилди.
ТТДҲКга аъзо давлатлар ва кузатувчилар иқтисодиёт вазирлари (савдо)нинг 10-йиғилиши, Иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш бўйича Ишчи гуруҳининг 12-йиғилиши ва бизнес-форумдан ташкил топган тадбирлар дастури доирасида Кенгашга аъзо давлатлар ўртасида иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш имкониятлари, коронавирус пандемияси сабабли рўй берган инқирознинг иқтисодий оқибатларини юмшатишга қаратилган қўшма амалий чора-тадбирлар бажарилишини мувофиқлаштириш масаласи муҳокама қилинди.
Тил, тарихий ва маданий алоқалар бир хиллиги асосида ташкил топган Туркий кенгаш минтақавий иқтисодий ҳамкорликнинг самарали механизмига айланиб бораётгани таъкидланди.
Ўзбекистон ҳукумати Кенгашга аъзо мамлакатлар билан иқтисодий шерикликни ривожлантиришга устувор аҳамият бераётгани маълум қилинди.
Маълумот учун: сўнгги уч йил мобайнида коронавирус пандемиясига қарамасдан Кенгашга аъзо мамлакатлар ўртасидаги савдо ҳажми икки баробар ошди ҳамда 2020 йилда 6,7 миллиард долларга ва жорий йилнинг биринчи ярим йиллиги якунларига кўра 4,7 млрд долларни ташкил этди.
Яқин йилларда савдо алоқаларини ривожлантириш ва Ўзбекистоннинг ТТДҲК тасарруфидаги ҳамкор давлатлар билан савдо айланмасини 10 миллиард долларга етказиш борасида улкан ишга солинмаган салоҳият мавжудлиги алоҳида таъкидланди.
Шу нуқтаи назардан норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш ҳамда тариф ва нотариф тўсиқларни бартараф этиш зарурлиги қайд этилди.
Шунингдек, Туркий кенгаш Инвестиция жамғармаси ва Тараққиёт банкини ташкил этиш бўйича ташаббусларни ҳаётга татбиқ этишни жадаллаштириш долзарблиги масаласи кўриб чиқилди. Бу ТТДҲК доирасида мулоқотдан амалий инвестициявий ва молиявий ҳамкорликка ўтишда муҳим қадам бўлиши таъкидланди.
Шунингдек, минтақанинг транспорт ва транзит салоҳиятини ошириш ҳамда Марказий Осиё орқали йирик жаҳон бозорларига, жумладан, Хитой, Ҳиндистон, Покистон ва бошқа Осиё мамлакатларига, шунингдек, Озарбайжон ва Туркия орқали Европа мамлакатларига етказиб беришни таъминлаш механизмлари муҳокама қилинди.
Учрашув якунида бирлашмага аъзо мамлакатларда эркин иқтисодий ва махсус зоналарни ривожлантиришни жадаллаштиришга қаратилган “Аъзо давлатларнинг турли иқтисодий зоналари ўртасида маълумот ва тажриба алмашиш тўғрисида”ги Меморандум имзоланди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги