Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон ва Япония университетлари ўртасида ҳамкорлик яна-да мустаҳкамланмоқда
2021-09-09 | Туризм
Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги кўпгина соҳаларда ўрнатилган ўзаро алоқалар тобора ривожланиб бормоқда. Хусусан, Самарқанддаги "Ипак йўли" туризм халқаро университети билан Япониянинг Токио университети ўзаро ҳамкорлик меморандумини имзолашга доир келишувга эришилди.
Мазкур меморандум фан ва таълим соҳасидаги икки томонлама ҳамкорликни чуқурлаштиришга қаратилган бўлиб, у юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимовнинг Японияга ташрифи доирасида Токио университети президенти Эсуко Ягучи ва халқаро алоқалар бўйича витсе-президенти Kazuo Takaxasi билан музокаралар олиб борилган эди.
Бундан ташқари, Э. Ягучи Япония университети республикамиз олий ўқув юртлари билан талабалар алмашинуви (бакалавр ва магистратура)ни йўлга қўйиш, Ипак йўлини биргаликда ўрганиш, шу жумладан, адабиёт алмашиш ва масофавий таълимни жорий қилиш бўйича ҳамкорлик қилишга тайёр эканлигини алоҳида таъкидлаган.
Мулоқот сўнгида Токио университети президенти Э.Ягучи шу йилнинг 14-15 сентябрь кунлари Хива шаҳрида бўлиб ўтадиган "Марказий Осиё жаҳон цивилизациялари чорраҳасида" халқаро маданий форумига, шунингдек, Ўзбекистон ва Япония ректорларининг навбатдаги форумига таклиф этилган.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги