Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
“COVID-19. Вакцинация – эришилган ютуқлар, истиқболдаги режа ва мақсадлар» мавзусидаги илмий-амалий халқаро конференция ўтказилди
2021-09-08 | Инновация
2021 йилнинг 7 сентябрь куни Инновацион ривожланиш вазирлигида давлат идоралари ва ташкилотлари вакиллари, тиббиёт муассасалари раҳбарлари ва ходимлари, халқаро мутахассислар ҳамда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотлари экспертлари иштирокида “COVID-19. Вакцинация – эришилган ютуқлар, истиқболдаги режа ва мақсадлар» мавзусидаги илмий-амалий халқаро конференция ўтказилди. Конференция офлайн ва онлайн шаклда ўтказилди.
Конференцияни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Беҳзод Мусаев ҳамда Инновацион ривожланиш вазири, академик Иброҳим Абдураҳмонов очиб бердилар.
– Бугунги илмий-амалий конференция бутун дунё мамлакатларида долзарб бўлган масала, коронавирус пандемиясига қарши курашдаги энг самарали восита – вакцинация жараёнларига бағишланади, – деди бош вазир ўринбосари Б. Мусаев. – Халқ саломатлигини сақлашда вакцинациядан кўра самаралироқ усул ҳали ўйлаб топилмади. Миллионлаб одамларнинг ҳаётини сақлаб қолиш, касалликдан кейинги асоратлар келиб чиқишини олдини олиш мақсадида аҳолини оммавий эмлаш ишлари Ўзбекистонда ҳам кенг кўламда амалга оширилмоқда. Бугунги конференция тиббиёт соҳасидаги ўз ишининг усталарини ўз атрофига йиғди. Айнан шундай илмий-амалий конференциялар туфайли мутахассисларнинг малакаси ва аҳолининг вакцинация бўйича хабардорлиги ошади.
Конференция икки сессиядан иборат бўлиб, уларда таниқли олимлар коронавирусга қарши вакциналарнинг хусусиятлари, уларнинг турли штаммларга қарши самарадорлиги ҳақида ўз фикрларини билдирдилар. Хусусан, Хитой-Ўзбекистон ҳамкорлигида яратилган ZF-UZ-VAC2001 вакцинасининг III-фаза синовлари натижалари ҳақида батафсил маълумот берилди. Ҳар бир сессиядан сўнг панель муҳокамалари ташкил этилиб, вакцинацияга доир кўплаб саволларга жавоб берилди.
Шунингдек, тадбирда коронавирусга қарши вакциналарга бағишланган янги сайт – vaccination.uz ахборот ресурси ишга туширилгани эълон қилинди. Мазкур сайтда юртимизда яратилган ва яратилаётган вакциналар ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлиш мумкин. Бундан ташқари тадбирда ZF-UZ-VAC2001 вакцинасини ишлаб чиқариш жараёни акс этган видеоролик мутахассислар эътиборига ҳавола этилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш агентлиги