Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон ва Бангладеш ишбилармон доиралари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришнинг янги босқичи
2021-09-07 | Иқтисодиёт
Бангладеш ҳукумат ва ишбилармон доиралари делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи доирасида Тошкентда Ўзбекистон-Бангладеш бизнес-форуми бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков, Бангладеш Халқ Республикаси Бош вазирининг маслаҳатчиси Салмон Фазлур Раҳмон, икки мамлакат савдо-саноат палаталари раҳбарлари, шунингдек, икки давлат вазирликлари, идоралари ва ишбилармон доиралари вакиллари иштирок этдилар.
Ўзбекистон ва Бангладеш тадбиркорлари ўртасида муносабатларни йўлга қўйиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида инвестициявий ва савдо-иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштириш механизмлари форумнинг асосий мавзуларини ташкил этди.
Делегациялар раҳбарлари ўз чиқишларида қишлоқ хўжалиги соҳаси, тўқимачилик, чарм-пойабзал, фармацевтика тармоғи, шунингдек, таълим ва туризм соҳаларида икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш учун кенг имкониятлар мавжудлигини қайд этдилар. Саноат кооперациясини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, томонлар ушбу йўналишда биргаликда ишлаш учун алоҳида “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқишга келишиб олгани маълум қилинди.
Ўзбекистоннинг вазирлик, идора ва саноат бирлашмалари раҳбарлари тақдимотлар орқали ҳар бир йўналишдаги инвестициявий ва саноат салоҳиятини атрофлича очиб бердилар. Бангладеш ишлаб чиқарувчиларининг илғор тажриба ва технологияларини жорий этган ҳолда юқори технологик лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Томонлар ўзаро савдо ривожланишининг ижобий динамикасини қайд этдилар. Жумладан, 2020 йилнинг якунига келиб, икки томонлама савдо ҳажми ўтган йилдагисига нисбатан 13,5 фоизга ошди. Томонлар икки мамлакат ўртасидаги савдо алоқаларини фаоллаштириш бўйича амалий чора-тадбирларни кўришга тайёр эканликларини билдирдилар.
Тадбир доирасида иштирокчилар Ўзбекистонда бизнес юритиш имкониятлари билан тўлиқ танишиш, ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилиш, келгусида ҳамкорликда ишлаш учун янги бизнес алоқаларини йўлга қўйиш имконига ҳам эга бўлдилар.
Форум якунида икки делегация раҳбарлари тадбиркор ва ишбилармонларни ўзаро ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ва истиқболли лойиҳаларни муваффақиятли амалга оширишга чақирди.
B2B доирасида Ўзбекистон IT, тўқимачилик ва фармацевтика саноатларида бир қатор қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича дастлабки келишувларга эришилди. Кўриб чиқилган лойиҳалар бўйича музокараларнинг якунланиши ва уларни амалга оширишнинг бошланиши жорий йил охиригача кутилмоқда.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги