Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

АКТ соҳасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар келажак тараққиёти учун муҳим

2021-09-07 | Технологиялар

Сўнгги йилларда ахборот технологиялари ва коммуникацияларининг ривожланиши ҳаётимизнинг кўп соҳаларига таъсир кўрсатди.

Барча соҳаларда рақамлаштиришнинг кириб келиши, юқори суръатдаги тараққиёт бутун саноатнинг ривожланишида, айниқса, узоқ муддатли истиқболимиз учун катта рол ўйнайди. 

Таъкидлаш лозимки, дунё мамлакатлари тажрибасида илмий тадқиқотлар, IТ технологиялар, стартап ғоялар, компьютер саводхонлигига жуда катта эътибор берилади. Фақатгина илм-фан ютуқлари ва янги технологиялар орқали юқори иқтисодий ўсишга эришишимиз мумкин. 

Ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлар, сўнгги йилларда бу борада эришилган натижалар хусусида ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шуҳрат Содиқов билан суҳбатлашдик. 

– Дастлаб ўтган беш йил давомида соҳадаги ўзгаришлар, ислоҳотлар, эришилган натижаларга эътибор қаратсак. 

Ўтган асрда оламшумул кашфиётлар кўп жиҳатдан инсоннинг интеллектуал салоҳиятига асосланиб амалга оширилган бўлса, бугунги даврда илм-фан замонавий АКТ ёрдамида шаклланмоқда. Бугунги кунда ривожланган мамлакатлар қаторидан ўрин эгаллаб келаётган давлатимиз барча соҳаларда юксак ютуқларга эришмоқда, бу муваффақиятларга эса ахборот технологиялари ва телекоммуникация тизимларининг жўшқин ривожланиши асос бўлмоқда.

Ўтган даврдан 2021 йилгача бўлган АКТ соҳасида амалга оширилган кенг кўламли янгиланиш ва ислоҳотлар, уларнинг натижалари ҳақида тўхталадиган бўлсак, аҳолига ахборот-коммуникация хизматларини кўрсатиш ҳажми 2016 йилда 5,2 триллион сўмни ташкил этган. 2016-2021 йилларда ахборот-коммуникация соҳасини янада ривожлантириш борасида олиб борилган кенг кўламли ислоҳотлар, жумладан, давлат бошқарув органлари, иқтисодиёт тармоқлари ва аҳолининг IT-хизматларга бўлган талабини қондириш, IT-тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, кўрсатилаётган хизматлар ҳажмини кенгайтириш, нархларни камайтириш ва сифатни яхшилаш борасида амалга оширилган ишлар натижасида хизматлар ҳажми 2020 йилда 12,9 триллион сўмга етказилди.

Аёнки, ахборот ва коммуникация технологиялари соҳасидаги ислоҳотларни муваффақиятли йўлга қўйиш, кейинги йилларда телекоммуникация тизимлари ва ахборот технологияларини ривожлантиришга йўналтирилган қатор ишлар амалга оширилиб, соҳа равнақи таъминланмоқда.

Биргина телекоммуникация инфратузилмасини ривожлантириш йўналишига эътибор қаратадиган бўлсак, Халқаро интернет тармоғига уланишнинг умумий ўтказувчанлик қобилияти 1 200 Гбит/с.га етказилди. Халқаро интернет канали нархлари 2016 йилда 295 минг 30 сўмни ташкил этган бўлса, 2020 йилнинг охирига келиб, 45 минг 11 сўмга арзонлашганини кўришимиз мумкин. 

Амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасига кўра, 2021 йил 1 майдан ушбу нарх 32 минг сўм миқдорида белгиланди ва ушбу нарх яна 30 фоизга пасайди. Бу билан республикада интернет тезлигини оширишга, оператор ва провайдерларга Интернет хизматлари учун тарифнинг 2020 йил бошига нисбатан 25 фоиз арзонлаштирилишига эришилди. 

Жорий йил давомида қўшимча 24 минг км. оптик-толали алоқа линияларини қуриш  ҳисобига ижтимоий соҳа объектлари, шу жумладан, 9 848 та халқ таълими объекти, 5 минг 625 та мактабгача таълим объекти, 3 минг 401 та соғлиқни сақлаш муассасаси, 7 минг 656 та маҳалла фуқаролар йиғини ва 3 минг 567 та милиция таянч пунктини юқори тезликдаги интернет тармоғига улаш имконияти яратилди. 

Шу билан бирга, қўшимча 200 мингта кенг полосали портлар ўрнатилиши натижасида 2,9 миллион уй хўжалиги, тадбиркорлик субъектлари ва ижтимоий соҳа объектларининг кенг полосали Интернетга уланиш имконияти яратилди. Мобиль интернет тезлиги 1,5 баробар оширилди ва 5 минг 744 та қўшимча таянч станцияси ўрнатилиб, республика бўйича мобиль алоқа қамрови даражаси 98 фоизга, яъни мобиль алоқа абонентлари сони 27 миллион, кенг полосали мобиль интернет қамрови 91 фоизга, яъни кенг полосали мобиль интернет фойдаланувчилари эса 23,1 миллионга етказилди. 

Телекоммуникация инфратузилмасини янада  ривожлантириш борасида жорий йил якунига қадар 50 минг км. оптик-толали алоқа линияларини қуриш ва уларнинг узунлигини 118,6 минг км.га етказиш, аҳолини юқори тезликдаги симли интернет билан таъминлаш мақсадида 900 минг абонентга мўлжалланган замонавий қурилмалар ўрнатиш, қўшимча таянч станцияларини ўрнатиш орқали аҳоли пунктларининг мобиль интернет билан қамров даражасини 95 фоизгача етказиш, шу жумладан, 72 та алоқа қамрови мавжуд бўлмаган аҳоли пунктларини мобиль алоқа билан қамраб олиш кўзда тутилган.

– Сўнгги йилларда халқ билан мулоқот янги босқичга кўтарилди. Бу борада вазирлик қандай ижобий натижаларга эришди?

– Электрон ҳукуматни такомиллаштириш  рақамлаштириш жараёнларининг устувор йўналишларидан биридир. Давлат органлари ва аҳоли ўртасида интерактив мулоқотнинг самарали механизми барпо этилиши нафақат фуқароларимизнинг вақт ва маблағларини тежашга, шу билан бирга давлат органларининг фаолиятини тубдан яҳшилашга замин яратади, очиқлик ва ошкораликни таъминлайди. Мамлакат иқтисодиёти тармоқлари ҳамда соҳаларида замонавий ахборот технологиялари ва коммуникацияларини, “электрон ҳукумат” тизими ҳамда ахборот тизимларини жадал татбиқ этиш, телекоммуникация инфратузилмасини модернизация қилиш учун шароит яратади.

2019 йилда ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) орқали давлат органлари томонидан кўрсатиладиган 173 та хизмат ишга туширилган бўлса, бу рақам 2020 йилда 218 тага етказилди. 2021 йил якунига қадар эса уларнинг сонини 278 тага етказиш устида иш олиб борилмоқда.  Бугунги кунга келиб, Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали 257 та электрон хизматлари кўрсатилмоқда. 

Барчамизга маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукуматни кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида” қарори асосида Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали 2018 йилда 2,4 миллион, 2019 йилда 5,8 миллион, 2020 йилда эса 9,8 миллиондан зиёд хизмат кўрсатилган. 

Таъкидлаш лозимки, жорий йил якунига қадар Ягона порталдаги электрон хизматлар сонини 300 тага етказиш кўзда тутилган. Шунингдек, интернет фойдаланувчилари асосан мобиль қурилмалардан фойдаланишини инобатга олиб, Ягона порталнинг мобиль иловаси ишлаб чиқилиб, ундаги хизматлар сони йил якунига қадар 100 тага етказилиши режалаштирилган. 

Почта бўлинмалари орқали давлат хизматларини тақдим этиш мақсадида Ягона порталнинг алоҳида модули ишлаб чиқилди. Бугунги кунда 500 дан ортиқ почта бўлинмаларида 33 турдаги давлат хизматлари тақдим этилмоқда. Бугунги кунга келиб Ягона порталда 28 турдаги янги хизматлар яъни Коронавирусга эмлаш учун рўйхатга ёзилиш ва электрон тарзда сертификат олиш, Автотранспорт суғуртаси ҳақиқийлигини текшириш, ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштириш учун электрон ариза топшириш каби хизматлар жорий этилган. 

Жорий йилнинг биринчи ярмида Ягона портал орқали 2,3 миллиондан ортиқ хизматлар кўрсатилиши натижасида аҳолининг 18 миллиард сўмдан ортиқ маблағлари иқтисод қилинишига эришилди, шу жумладан 1 июндан бошлаб 18 турдаги маълумотнома ва ҳужжатларни электрон ҳамкорлик орқали олиш йўлга қўйилди. 

Жорий йил якунига қадар Ахборот технологиялари вазирлиги ва “Ўзбекистон почтаси” АЖ почта бўлинмалари орқали кўрсатиладиган электрон давлат хизматлари сонини 60 тага етказиш (ҳозирда 33 та), ижтимой ҳимоя бўйича нафақа тайинлаш, сайлов участкасини аниқлаш ёки ўзгартириш, ҳайдовчилик бўйича имтиҳон топширишга ариза юбориш, педагог ходимларга малака тоифаси сертификатини бериш ва бошқа хизматлар йўлга қўйилиши режалаштирилмоқда. 

Шу билан бирга, 1 октябрдан бошлаб тадбиркорлик субъекти давлат рўйхатидан ўтказилганлиги, давлат божи ва бошқа тўловлар тўланганлиги, олий маълумот ҳамда фуқаронинг иш ҳақини тасдиқловчи 15 турдаги маълумотномаларни масъул давлат органлари ва ташкилотлардан мустақил равишда “Электрон ҳукумат” тизими идоралараро интеграциялашув платформаси орқали олиниши йўлга қўйилади. Шунингдек, Ягона идентификация тизими (id.gov.uz),  Электрон ҳукуматнинг ахборот тизимлари ва ресурслари ягона реестри, Электрон ҳукуматнинг маълумотлар ва классификаторлар регистри, Ягона идоралараро ижро интизоми тизими (ijro.gov.uz), Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва келишишнинг ягона электрон тизими (project.gov.uz), Сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизими (elections.gov.uz), Бош вазирнинг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш виртуал қабулхонаси портали (business.gov.uz), Интернет тармоғида аҳоли долзарб деб ҳисоблаган ташаббусларни билдириш учун (Mening fikrim) веб-портали яратилди.

Таъкидлаш керак, ҳар биримизнинг ҳаётимизга кириб, муҳим ўрин эгаллаган мобиль алоқа хизмати фойдаланувчиларнинг узоғини яқин, оғирини енгил қилишга хизмат кўрсатмоқда. Айни пайтда “Uzmobile”, “Ucell”, “UMS”, “Beeline”, “Perfectum mobile” каби мобиль алоқа операторлари ўз хизматларини таклиф қилмоқда. Мобиль алоқа операторлари абонентлари сони 2016 йилдан бошлаб 21,2 миллион нафарни ташкил қилган бўлса, 2020 йилнинг охирида 25,9 миллионга етди. Янги алоқа компаниялари фаолиятини йўлга қўйиш, мавжуд техник имкониятларни модернизация қилиш орқали 2021 йилнинг охиригача абонентлар сонини 26,9 миллионтага етказиш мўлжалланган. 

Шу билан бирга, аҳолига кўрсатилаётган мобил алоқа хизматини таъминлаб берувчи таянч станциялар сони 2016 йилда 17 минг 721 ва амалга оширилган модернизациялаш, қуриш ишлари натижасида 2020 йилда бу рақам 31 минг 740 тага етказилган. 2021 йил якунига қадар эса таянч станциялар сонини 33 минг 740 тагача ошириш мўлжалланган. Таъкидлаб ўтиш жоизки, 2016 йилда бутун республиканинг 89 фоизи мобиль алоқа тармоғи билан қамраб олинган бўлса, 2021 йил якунида бу кўрсаткич 99фоизга етказиш режалаштирилган. 

– Почта хизмати фаолиятида хизматлар доирасини кенгайтириш борасида олиб борилаётган ишлар хусусида тўхталсангиз. 

– Барча ижтимоий қатламларга почта хизматларининг кенг тарқалганлиги, қамровлилиги ҳамда унинг хизматларидан барча аҳоли фойдаланиши мумкин бўлганлиги сабабли Ўзбекистон почта хизмати фаолияти жамиятимизда катта ижтимоий аҳамиятга эга ҳисобланади. Охирги йилларда республикамиз почта алоқаси хизмати миллий оператори ҳисобланган «Ўзбекистон почтаси» АЖнинг фаолиятида  янги, замонавий усуллардан фойдаланиш, кўрсатилаётган хизматлар доирасини кенгайтириш ҳамда рақамлаштиришни фаоллаштиришга боғлиқ самарали ишлар амалга оширилмоқда. 

Халқаро ёзма хат-хабарлар ўтган йиллар мобайнида 111,6 тонна кириб келган бўлса, 2020 йилга келиб, шу кўрсаткич 163,1 тоннани ташкил этади, ўсиш 146 фоизга тенг. 2018 йил 3 апрелдан бошлаб тезкор почта хизматлари ва шу йили 1 майда курьерлик хизматлари амалга киритилди. 2020 йил декабрдан олис ва чекка ҳудудларда жойлашган 860 та почта алоқаси объектларида Ягона интерактив давлат хизматлари порталидан фойдаланилган ҳолда 33 турдаги давлат хизматлари кўрсатилиши йўлга қўйилди. Даврий матбуот нашрларига онлайн обуна хизмати www.pochta.uz сайти орқали жорий этилди ва унда 250 турдан ортиқ даврий матбуот нашрларига онлайн равишда обуна уюштириш имконияти яратилди. 

Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулотларини онлайн сотиш ва мижозларга етказиб бериш, шунингдек, уларнинг товарларни экспорт қилиш имкониятини берувчи “Unisavdo” Миллий онлайн савдо майдончаси www.unisavdo.uz сайти орқали 2021 йил 1 февралдан ишга туширилди. “Гибрид почта” хизматини ривожлантириш ва иш унумдорлигини ошириш мақсадида 2 та автомат конвертлаш ускунаси синов тариқасида Тошкент шаҳрида жорий этилди. Мижозлар номига келган почта жўнатмаларини олиши учун мўлжалланган ўз-ўзига хизмат кўрсатувчи автоматлаштирилган комплекслар (почтаматлар)ни жорий этиш юзасидан 30 та почтаматлар Тошкент шаҳри ва вилоятлар марказларининг аҳоли гавжум жойларига ўрнатилди. 

2021 йил 1 майдан “AVVAL” тўловлар ва ўтказмалар комплекс автоматлаштирилган тизими ишга туширилиб, почта алоқаси объектларида тўловларни онлайн режим орқали қабул қилиш йўлга қўйилди. 2021 йил июлдан барча почта объектларида почта жўнатмаларини қабул қилиш, саралаш ва онлайн кузатиш автоматлашган ахборот тизими татбиқ этилди. Почта алоқа объектларида амалдаги почта алоқаси анъанавий хизматлари, банк ва молиявий, давлат ва электрон тижорат хизматлари бўйича видеоконференцалоқа тизими орқали жами 2 894 нафар ходимнинг малакаси оширилди.

– Кейинги йилларда IT-тадбиркорлар ва ёш стартапчилар учун кенг имкониятлар яратилмоқда. Бу борада келажакдаги режалар қандай? 

– Ҳамма соҳада бўлгани каби бугунги кунда ахборот технологиялари ва коммуникация соҳасида ҳам илм-фан ютуғлари шиддат билан кириб бормоқда. Бу эса, инновацион лойиҳаларни жорий этиш, дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парклар фаолиятини ривожлантириш, ижтимоий-иқтисодий ўсишга мос стартап ғояларни қўллаб -қувватлашга ундайди ҳамда глобаллашув жараёнида рақобатбардошликни оширади. 

Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, техника ва коммуникация асрида инсонларнинг дунёқараши, фикри кун сайин ўзгариб бормоқда. Бугунги кунда уларни ҳайратлантириш, турмуш тарзини буткул ўзгартириб юбора оладиган лойиҳаларни ишлаб чиқиш ҳам қийинлашиб бормоқда. Бунинг асосий сабабларидан бири уларнинг замонавий ахборот коммуникацияларидан фаол фойдаланиши, дунёда рўй бераётган янгиликлар, воқеа-ҳодисалардан тез хабардор бўлишидир. 2020 йилда IT соҳасида фаолият юритаётган корхоналар сони 9 минг 517 тага етказилди ва 2017 йилга нисбатан 1,7 баробарга оширилди. 

Ахборот технологиялари соҳасини ва дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқаришни янада ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, ушбу соҳадаги стартап-лойиҳаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ички ва ташқи бозорларда дастурий ва юқори технологияли маҳсулотлар ва хизматларни тарғиб қилишга кўмаклашиш мақсадида Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки (IT-парк) фаолияти йўлга қўйилди. Республика бўйлаб IT-Паркнинг 5 та ҳудудий филиали шунингдек, АҚШда IT-парк ваколатхонаси ташкил қилинди. 

Республика бўйлаб IT-хизматларни кўрсатадиган ҳамда IT-парк резиденти сифатида рўйхатдан ўтиб, фаолият юритаётган IT-компаниялар сони 463 тага етказилди (2020 йилга нисбатан 130 фоиз ўсиш), шунингдек, уларда 1 500 дан ортиқ (2020 йилга нисбатан ўсиш 150 фоиз) янги иш ўрни яратилди. 

2021 йилдан бошлаб IT-Парк резидентлари томонидан амалга оширишга рухсат этилган фаолият турлари 4 дан 18 гача кенгайтирилган. Хусусан, бугунги кунга қадар робототехника, маълумотларни қайта ишлаш ҳамда IT-аутсорсинг хизмат кўрсатувчи корхоналар ҳуқуқига эга бўлишди.

Шу билан бирга, бугунги кунга қадар IT-Паркнинг стартап-лойиҳаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган инкубация ва акселерация дастурларини мувафаққиятли якунлаган 66 та истиқболли стартап-лойиҳа жами 3,1 миллиард сўмдан ортиқ миқдорда молиялаштирилди. 

– ИТ-мутахассисларни тайёрлашда таълим тизимидаги ислоҳотлар ҳақида тўхталиб ўтсангиз.

– Таълим жараёнида ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланиш орқали нафақат авлоддан авлодга, балки бир кишидан бошқасига билим, инсониятнинг тўпланган технологик ва ижтимоий тажрибасини узатишни тезлаш, инсоннинг атроф муҳитга, давом этаётган ижтимоий ўзгаришларга янада муваффақиятли ва тез мослашишига имкон бериш ҳамда таълим тизимини ислоҳ қилиб жаҳон стандартларига мос равишда шаклланишига эришилади. 

2016 йилда АКТ соҳасида таълим бериш ва малака ошириш бўйича Вазирлик тизимида 7 та олий таълим муассасаси ҳам 6 та академик лицей фаолият олиб борган. 2020 йилдан бошлаб АКТ соҳасида кадрлар тайёрлашга алоҳида эътибор берилиши натижасида вазирлик тизимида 8 та олий таълим муассасаси, 3 та техникум, 6 та академик лицей, 15 та ахборот-коммуникация технологияларига ихтисослаштирилган мактаб фаолият олиб бормоқда. 

2020 йилда Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети ва унинг Нукус, Урганч, Қарши, Самарқанд, Нурафшон ҳамда Фарғона филиаллари, Тошкент шаҳридаги Инха университети, Тошкент шаҳридаги Амити университети, Тошкент ахборот технологиялари техникуми, Самарқанд ахборот технологиялари техникуми, Янгиқўрғон ахборот технологиялари техникуми, 6 та академик лицей ҳамда информатика ва ахборот технологиялари фанларига ихтисослаштирилган мактабларда ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида узлуксиз кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилган. 

Ушбу таълим муассасаларида 22 минг нафарга яқин талаба, 1,9 минг нафарга яқин ўқувчи таълим олмоқда.  2021 йилнинг якунига келиб улар сони янада ошиб, 9 та олий таълим муассасаси, 14 та техникум, 6 та академик лицей, 100 та ахборот-коммуникация технологияларига ихтисослаштирилган мактаблар фаолияти йўлга қўйилади.

Мамлакатда замонавий таълим тизимида турли хил технологиялардан фойдаланиш, таълим инновациялари, яъни таълим соҳаси ёки ўқув жараёнида мавжуд муаммони янгича ёндашув асосида ечиш мақсадида қўлланилиб, аввалгидан анча самарали натижани кафолатлай оладиган янгиликларни жорий этиш, ўсиб келаётган келажак ёшларга амалий кўникмаларини ошириши учун зарур шарт-шароитларни яратиш доимий эътибордаги масалалардан бири ҳисобланади. Бу эса, талабаларга ноанъанавий ахборот манбаларидан фойдаланиш имкониятини берибгина қолмай, мустақил иш самарадорлигини оширади, ижод қилиш, турли хил касб маҳоратларини эгаллашлари  учун мутлақо янги йўналишларни очиб беради.

Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети ва унинг ҳудудий филиаллари 2018-2019 ўқув йилидан бошлаб замонавий таълимнинг кредит тизимига ўтказилди. Кредит тизимига ўтиш орқали ўқув режалари жаҳон стандартларига мослаштириш учун янги фанлар билан бойитилди, талабаларга фанларни танлаш эркинлиги берилди, профессор-ўқитувчилар ва талабаларга академик мобиллик тизимини йўлга қўйиш имконияти яратилди. Техникумларнинг ташкил этилиши натижасида 2021-2022 ўқув йилидан 3 минг нафардан ортиқроқ ўрта бўғин кадрларини тайёрлаш ва бу рақамларни кейинги йилларда мавжуд талабларга қараб кўтариб бориш ҳамда натижада кадрларга бўлган эҳтиёжни шу техникумлар орқали бир неча йилларда қоплаш назарда тутилган.

Бугунги кунда республика бўйича 147 та рақамли технологиялар ўқув маркази фойдаланишга топширилди ва жорий йил якунига қадар марказлар сони 205 тани ташкил этилади.Бунинг натижасида 292 дан ортиқ янги иш ўрни яратишга эришилди.Ушбу марказларда компьютер саводхонлиги, дастурлаш, робототехника, веб ва мобиль иловалар яратиш ва бошқа йўналишлар бўйича 40 минг нафардан ортиқ тингловчи малакасини оширди.Ҳудудлар бўйича рақамли технологиялар ўқув марказларида таҳсил олганлар бўйича Наманган, Жиззах ва Хоразм вилоятлари етакчилик қилиб келмоқда.

– “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида қандай ишлар амалга оширилмоқда?

– “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегияси  доирасида дақиқа сайин ўта жадал суратларда ривожланиб бораётган ва жамият ҳаётининг муҳим бўғинларидан бирига айланишга улгурган ахборот технологиялари ва коммуникациялари соҳасини янада такомиллаштириш, республикада рақамли индустрияни жадал ривожлантириш, миллий иқтисодиёт тармоқларининг рақобатбардошлигини ошириш, шунингдек, Ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегиясини тасдиқлаш ва уни самарали амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. 

Сўнгги йилларда рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукумат тизимини такомиллаштириш бўйича муҳим ишлар бажарилди. Уларнинг мантиқий узвийлигини таъминлиш мақсадида “Йўл хариталари” ишлаб чиқилиб, ижроси изчил таъминланяпти. Учраётган камчилик ва муаммоларни зудлик билан бартараф этиш чоралари кўрилмоқда. 

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда АКТ соҳаси ривожи ва илғор технологияларни фаоллаштириш, уни изчил юксалтириш бўйича дастурлар ишлаб чиқилиб, аниқ қадамлар қўйилмоқда. Бу эса, келажакда  Ўзбекистоннинг жаҳон бозоридаги ҳиссасини кўпайтириш ва мамлакатнинг ахборот технологиялари соҳасида мавқеини мустаҳкамлаш учун хизмат қилади.

Манба: ЎзА

Поделиться