Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Токио-2020: Ёзги Паралимпия ўйинларида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган матонатли спортчилар Тошкент халқаро аэропортида муносиб кутиб олинди
2021-09-07 | Спорт
Токио шаҳрида XVI ёзги Паралимпия ўйинлари бўлиб ўтди. Тошкент аэропортида Токио Паралимпия ўйинларида мамлакатимиз шарафини муносиб ҳимоя қилган матонатли спортчилар тантанали кутиб олинди.
Шундан сўнг Ўзбекистон спорт делегацияси тушган автобуслар “Янги Ўзбекистон” боғига йўл олди. Янги муҳташам масканда спортчиларимизни тантанли кутиб олишнинг асосий тадбирлари ташкил этилди.
Ўзбекистон спортчилари XVI Паралимпия ўйинларида 8 та олтин, 5 та кумуш ва 6 та бронза, жами 19 та медални қўлга киритди.
Спорт делегациямизни кутиб олиш тадбирида Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Нурдинжон Исмоилов, Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов, Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, спортчилар, паралимпиячиларимизнинг ота-оналари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Тантанали маросимда сўзга чиққан Ўзбекистон Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Нурдинжон Исмоилов, Бош вазир Абдулла Арипов, спортчиларнинг ота-оналари ва бошқалар паралимпиячиларимизнинг юксак ғалабаси халқимизга чексиз ғурур-ифтихор бағишлагани, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимизда спортни ривожлантиришга, хусусан, жисмоний имконияти чекланган атлетларга қаратаётган эътибори самараси эканини алоҳида қайд этди.
Тадбир иштирокчилари давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг «2021 йилда Токио шаҳрида (Япония) бўлиб ўтадиган XXXII ёзги Олимпия ва ХVI Паралимпия ўйинларида Ўзбекистон спорт делегациясининг иштирокини таъминлаш ҳамда Олимпия спорт турларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори паралимпиячиларимизнинг замонавий меъёрлар асосида ўқув-машғулот йиғинларини ўтказиши, тажриба ва маҳорат ошириши, Паралимпия ўйинларига йўлланма берадиган нуфузли мусобақаларга тайёрланиши ва уларда муносиб қатнашиши учун барча шарт-шароитлар яратилишига асос бўлганини таъкидлади.
Маросимда ғолиб ва совриндор спортчиларимиз номидан сўз олган Паралимпия ўйинлари ғолиби Учқун Қуронбоев Паралимпия ўйинларига пухта тайёргарлик кўриш бўйича яратилган имкониятлар, ёшларга қаратаётган юксак эътибор ва ғамхўрлиги учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдирди.
Дарҳақиқат, жорий йилги XXXII ёзги Олимпия ва XVI Паралимпия ўйинларида Ўзбекистон спортчиларининг юқори салоҳияти бутун жаҳонга намоён қилинди. XVI ёзги Паралимпия ўйинларида ўзбекистонлик паралимпиячилар спортимиз тарихида янги саҳифа очди, десак, сира муболаға бўлмайди. Боиси шундаки, паралимпиячиларимиз Токио-2020 ёзги Паралимпия ўйинларига ҳар қачонгидан ҳам кўп - 55 та йўлланмани қўлга киритди. Бу бежизга эмас, чунки давлатимиз томонидан паралимпиячиларга берилаётган эътибор ҳамда тайёргарлик жараёнининг босқичма-босқич “йўл харитаси” ишлаб чиқилгани ва бу “йўл харитаси”да ҳар бир спортчининг жисмоний ҳолатидан келиб чиққан ҳолда алоҳида машғулотларнинг ташкил этилгани сабаб атлетларимиз томонидан қўлга киритилган йўлланмалар сони кўп бўлди.
Агар ёдингизда бўлса, Рио-де-Жанейрода спортчиларимиз 5 та спорт тури – пара сузиш, пара дзюдо, пара енгил атлетика, пара пауэрлифтинг ва пара ўқ отиш бўйича беллашувларда иштирок этган бўлса, Токио-2020да Ўзбекистон тарихида илк маротаба пара каноэ, пара таэквондо ҳамда пара академик эшкак эшиш спорт турлари бўйича ҳам вакилларимиз йўлланмаларни қўлга киритиб, баҳсларда иштирок этди.
Токио мезбонлик қилган XVI Паралимпия ўйинларида 168 давлатдан беш минг нафарга яқин спортчи ғолиблик учун баҳслашди. Кучли рақобат руҳида ўтган мусобақалар ғолиб ва совриндорлари орасидан жой олиш ўз-ўзидан бўлмайди, албатта. Бундай муваффақиятлар ортида кечаю-кундуз олиб борилган изчил машғулотлар, тинимсиз изланишлар ва меҳнат турибди.
XVI Паралимпия ўйинларида Ўзбекистон спорт делегацияси 168 давлат орасида ўн олтинчи, Осиё жамоалари ўртасида Хитой, Япония ва Эрондан сўнг тўртинчи, МДҲ бўйича Россия, Украина ва Озарбайжондан кейин тўртинчи, Марказий Осиё ва Туркий кенгашга аъзо давлатлар орасида биринчи ўринни эгаллагани қайд этилди.
Мухтасар қилиб айтганда, Кунчиқар мамлакатда бўлиб ўтган ҳар тўрт йилликнинг энг муҳим спорт анжуманида юртдошларимиз ўз натижаларини ҳар томонлама яхшилаб, Ватанимиз мустақиллигининг 30 йиллик айёмига муносиб совға тақдим этди.
Манба: “Дунё” ахборот агентлиги