Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
«АрМИ–2021»: «Ҳарбий-тиббий эстафета» мусобақасида Ўзбекистон чемпион
2021-08-31 | Хавфсизлик соҳаси
Марказий ҳарбий округнинг “Фориш” тоғ полигонида Халқаро армия ўйинлари доирасида ўтказилаётган “Ҳарбий-тиббий эстафета” мусобақасининг сўнгги шарти — “Жамоавий биринчилик” беллашувлари бўлиб ўтди.
Унда иштирокчи жамоалар вакиллари – кичик ва ўрта тиббиёт ходимлари эркаклар ва аёллар гуруҳларига бўлинган ҳолда бирдамликда шиддатли баҳсларга киришди.
“Жамоавий биринчилик” шартига кўра, иштирокчилар муҳандислик тўсиқларидан эмаклаб ўтиб, шартли ярадорга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш, тиббий замбил орқали ва арқон ёрдамида сувли тўсиқ устидан олиб ўтиш, санитар ҳарбий техникага жойлаштириб, барча аслаҳаларни йиғиштириб олиш, кейин эса уларни хавфсиз ҳудудга олиб чиқиш каби машқларни бажаришди.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, мазкур шартда ҳар бир иштирокчининг шахсий маҳорати умумжамоа кучини ташкил қилишда муҳим роль ўйнайди. Бунда юқори натижага эришиш учун жамоанинг ҳар бир аъзосидан чаққонлик ва эпчиллик, хусусан, биргаликда, ҳамжиҳатликда ҳаракат қилиш, қатъият талаб этилади.
Мусобақа ўтказилаётган ҳудуд шартли равишда жанг майдонидек кўринишга келтирилган. Ҳарбий хизматчиларнинг ўқотар қуроллардан ҳавога отаётган ўқув машқларида фойдаланиладиган ўқларидан таралган овоз ва ўқув портловчи воситалар шовқини, мусобақа йўлаги атрофида томошабинларнинг қўллаб-қувватлаши, ҳали чекинмаган иссиқ ёз ҳавоси ҳамда ҳаяжон қоришиб, масъулиятни янада оширади.
Аммо баҳсларда қўлни қўлга бериб, ўзи ва шерикларининг ҳаркатларини бир хилда назорат қилган, биргаликда ва бир-бирларини тушунган ҳамда қўллаб-қувватлаган ҳолда марра томон одимлаган жамоалар юқори натижаларни қайд эта олди.
Якуний натижаларга кўра, «Жамоавий биринчилик» босқичида эркаклар ҳамда аёллар баҳсларида Ўзбекистон жамоаси юқори натижаларни кўрсатиб, биринчи ўринга сазовор бўлишди.
Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги жамоаси бу йил ҳам мазкур мусобақанинг «Жамоавий биринчилик» босқичида ўтган йилги натижаларини янгилаб, рекордлар қайд этишди. Мазкур шартни бажариш учун ҳамюртларимиз эркаклар ўртасида 5 дақиқа 28 сония (ўтган йил – 6’28,8), аёллар ўртасида эса 7 дақиқа 57 сония (ўтган йил – 10’09,2) вақт сарф қилишди.
Барча шартлар бўйича тўпланган умумий натижаларга кўра:
– Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги жамоаси – биринчи ўрин;
– Россия Федерацияси – иккинчи ўрин;
– Хитой Халқ Республикаси – учинчи ўринни эгаллади.
Эслатиб ўтамиз, мазкур мусобақада ҳамюртларимиз мана, 3-йилдирки, мутлоқ ғолиб бўлиб келишмоқда.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги