2021 йил 28 август куни Ташқи ишлар вазирлигида “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги” ва “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишонларига муносиб деб топилган ТИВ тизимида фаолият юритаётган ходимларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов тадбирдаги нутқида барчани энг азиз байрам – жонажон Ватанимиз мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан табриклади ҳамда мукофотларни ўз эгаларига топширди.
Қайд этилганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 23 август кунидаги фармонига биноан, бир гуруҳ юртдошларимиз “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги” эсдалик нишони билан мукофотланди.
Мамлакатимизни ҳар томонлама тараққий эттириш, унинг жаҳон миқёсидаги шон-шуҳратини оширишга катта ҳисса қўшаётган, давлатимиз иқтисодиёти ва аҳоли фаровонлигини юксалтиришда ибрат ва намуна бўлиб келаётган, жамиятимизда тинчлик ва барқарорликни, миллатлараро тотувлик ва бағрикенгликни таъминлашда алоҳида фидойилик кўрсатаётган юртдошларимиз орасида вазирлик ходимларининг ҳам алоҳида ўрни борлиги таъкидланди.
Давлатимиз раҳбарининг фармонига биноан Ташқи ишлар вазирлиги, хориждаги дипломатик ваколатхоналар, Вазирлик тасарруфидаги ташкилотларда меҳнат қилаётган қарийб 180 нафар ходим, хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшаётган 27 нафар хорижий ҳамкор, шунингдек, юртимиз равнақи ва тараққиёти йўлида фаоллик кўрсатаётган хориждаги 45 нафар ватандош тақдирланди.
Бундан ташқари Вазирлик тизимида узоқ йиллар давомида самарали меҳнат қилиб келаётган, жамоа орасида юксак ҳурмат ва эҳтиромга лойиқ икки нафар дипломат – Ўзбекистон Республикаси Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматилла Иргашев ва Консуллик-ҳуқуқий департаменти 1-котиби Мавлудахон Алимходжаевага “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони берилди.
Вазир мукофот соҳибларини чин кўнгилдан қутлаб, ушбу эьтироф бутун жамоага юртимиз тараққиёти йўлида янада самарали меҳнат қилиш учун янгидан янги куч ва ғайрат беришига ишонч билдирди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги