Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Сурхондарёнинг айрим ҳудудларида янги ташкил этиладиган хўжалик субъектлари учун фойда солиғи ставкаси пасайтирилади

2021-08-26 | Жамият

Ўзбекистон Республикаси Президенти Сурхондарё вилоятида кичик бизнес ва оилавий тадбиркорликни рағбатлантириш, рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва уларнинг экспортини қўллаб-қувватлаш, шунингдек, аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадини ошириш бўйича “маҳаллабай” ишлаш тизимининг самарадорлигини янада оширишга қаратилган қарорни имзолади. (ПҚ-5228-сон 23.08.2021)

Қарорга мувофиқ, Сурхондарё вилоятининг тоғли ва ерлари шўрланган ҳудудларида янгидан ташкил этиладиган ва шу ҳудудларда рўйхатдан ўтган ҳолда фаолият кўрсатадиган тадбиркорлик субъектлари учун (кластерлар бундан мустасно) 2021 йил 10 сентябрдан 2024 йил 1 январга қадар фойда солиғининг амалда белгиланган ставкаси 50 фоизга пасайтирилади.  

Бандихон, Қизириқ, Музработ ва Шеробод туманларида, шунингдек, халқ депутатлари Сурхондарё вилояти Кенгаши томонидан белгилаб бериладиган тоғли ва ерлари шўрланган ҳудудларда янги ташкил этиладиган ва шу ҳудудларда рўйхатдан ўтган ҳолда фаолият кўрсатадиган тадбиркорлик субъектларини (кластерлар бундан мустасно) 2024 йил 1 январга қадар юридик шахслар ер солиғи, мол-мулк солиғи, айланмадан олинадиган солиқ ҳамда якка тартибдаги тадбиркорлар учун жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг қатъий белгиланган миқдорини тўлашдан озод қилишни назарда тутувчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади.

Шунингдек қарорга кўра, Сурхондарё вилоятида оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, шу жумладан аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланишни рағбатлантириш мақсадида Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан 100 млн АҚШ доллари эквивалентидаги маблағлар ажратилади.  

Ушбу маблағлар қуйидаги мақсадларда тақсимланади:

– “Бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойили асосида амалга ошириладиган лойиҳаларга кредит бериш;

– Сурхондарё вилоятида лимончилик лойиҳаларини молиялаштириш;

– ижтимоий-иқтисодий ривожланиш даражаси паст ҳамда ишсизлик даражаси нисбатан юқори бўлган маҳалла ҳудудларида “етакчи” тадбиркорлик субъектларининг лойиҳаларини молиялаштириш;

– вилоятда импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўналишидаги янги лойиҳаларни молиялаштириш, зарур инфратузилмани яратиш ҳамда экспортёрларни айланма маблағ билан таъминлаш.

Қарорга мувофиқ:

– 2022-2023 йилларда вилоятда янги кичик тадбиркорлик субъектларини ташкил этиш ва иш ўринларини яратиш прогноз кўрсаткичлари ишлаб чиқилади;

– “хонадонбай” ишлаш тизими асосида “оғир” маҳаллалардаги аҳолининг турмуш шароити, истак-хоҳиши ва имкониятларини ўрганилади ва уларнинг “ўсиш нуқталари”ни белгиланади. Бунда, чорвачилик, паррандачилик, томорқа ва иссиқхона хўжалиги, ҳунармандчилик, косибчилик ва кичик ишлаб чиқариш йўналишларига алоҳида эътибор қаратилади;

– ижтимоий-иқтисодий ривожланиш даражаси паст ҳамда ишсизлик даражаси нисбатан юқори бўлган маҳаллалар ва улардаги тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш истаги бўлган аҳоли “етакчи” тадбиркорлик субъектларига бириктирилади.

 

Самарқанд вилоятида эксперимент тариқасида жорий этилган “маҳаллабай” ишлаш тизими 2021 йил 1 сентябрдан Сурхондарё вилоятида жорий этилади. 

Манба: Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси

Поделиться