Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Тошкент вилоятида олиб борилган ўрганиш натижалари муҳокама қилинди
2021-08-26 | Сиёсат
Сенат аъзолари томонидан Тошкент вилояти Қибрай тумани Нурафшон маҳалласи фуқароларининг мурожаати жойига чиққан ҳолда ўрганилди.
Сенатнинг ўн саккизинчи ялпи мажлисида мазкур ўрганиш натижалари тўғрисида Олий Мажлис юқори палатасининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси М.Қодирхонова ахборот берди.
Ўрганиш давомида Тошкент шаҳар, Мирзо Улуғбек тумани Ўқитувчилар кўчасида ҳамда Тошкент шаҳрининг бошқа ҳудудларида давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер майдонлари олиб қўйилган фуқароларга Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 4 сентябрдаги 538-сонли қарори билан Тошкент вилояти, Қибрай тумани Дўрмон қишлоғи ҳудудидан 28,47 гектар ер майдони якка тартибдаги уй-жойлар қуриш учун ажратиб берилганлиги аниқланди.
Мулкларни баҳолатиб, компенсация пулини тўлаб бериш бўйича мурожаат қилган 10 нафар фуқарога 5,8 млрд сўм маблағ Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан тўлиқ тўлаб берилганлиги маълум бўлди.
Вазирлар Маҳкамасининг 538-сонли қарори ҳамда Тошкент вилояти ҳокимлигининг 2020 йил 17 сентябрдаги тегишли қарори ижроси юзасидан Қибрай тумани Дўрмон қишлоғи ҳудудидан ажратилган 28,47 гектар ер майдонида 402 та якка тартибдаги уй-жойлар қурилиши бош режаси ишлаб чиқилган.
Қибрай тумани ҳокимининг 2020 йил 31 октябрдаги ҳамда 2020 йил 29 декабрдаги тегишли қарорларига асосан мазкур массивдан жами 101 та ер участкаси фуқароларга якка тартибда уй-жой қурилиши учун ажратилган.
Ажратилган 101 та ер участкасидан бугунги кун ҳолатига фуқаролар томонидан 79 та ер участкасига нисбатан “Ер участка кадастр паспорти” шакллантирилган бўлса, қолган 22 та ер участкасига нисбатан кадастр паспорти шаклантирилмаган. 20 та ер участкасида фуқаролар томонидан қурилиш ишлари бошланган.
Вазирлар Маҳкамасининг 538-сонли қарорида Энергетика вазирлиги, “Ўзтрансгаз” АЖ, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ, “Ҳудудгазтаъминот” АЖ, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, Автомобиль йўллари қўмитаси, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда Тошкент вилояти ҳокимлигига янги ташкил этилаётган массивда аҳолини электр энергияси, табиий газ, ичимлик суви ва канализация, алоқа тизими билан таъминлаш ҳамда ички йўлларни қуриш бўйича топшириқ берилган.
Ҳудуд инфраструктурасини яхшилаш, аҳолига доимий ва сифатли коммунал хизматларни кўрсатиш мақсадида бир қатор тадбирлар амалга оширилиши белгиланган.
Мазкур масала ишлар якунига етказилгунга қадар Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари ҳамда Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмиталари томонидан назоратга олинади ва амалга оширилган ишлар тўғрисида маълумот тақдим этилади.
Манба: ЎзА