Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Тошкентда Ўзбекистон-Бирлашган Араб Амирликлари бизнес-форуми бўлиб ўтди
2021-08-26 | Сиёсат
Тошкентда Ўзбекистон-Бирлашган Араб Амирликлари бизнес-форуми бўлиб ўтди ва унда Ўзбекистон Республикаси ҳамда БАА давлат муассасалари ва ишбилармон доиралари вакиллари иштирок этишди. Бирлашган Араб Амирликлари томонидан “DP World”, “Abu Dhabi Ports”, “Masdar”, “Mubadala Health”, “VPS Healthcare”, “DAMAC”, “Kanoo Group”, “Julphar”, “Al Rais Travel and Tourism” каби ва бошқа корхоналар вакиллари қатнашди.
Тадбирда хориж делегациясига БАА Иқтисодиёт вазири Абдуллоҳ бин Тук ал-Марри, ўзбек делегациясига эса Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков бошчилик қилди.
Делегациялар раҳбарлари ўз чиқишларида икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликнинг юқори даражада эканлигини таъкидлаб, қўшма инвестиция лойиҳалари сонини ошириш ва узоқ муддатли савдо алоқаларини ўрнатишнинг барқарор динамикасини қайд этдилар.
Шу билан бирга, икки мамлакатнинг иқтисодий салоҳияти устувор йўналишлар бўйича ҳамкорликни янада оширишнинг шарт-шароитларини шакллантираётгани маълум қилинди. Шу нуқтаи назардан икки мамлакат бизнес вакиллари ўзаро фикр ва лойиҳа таклифлари билан алмашиш, ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилиш ва аниқ келишувларга эришишлари мумкин бўлган платформани яратиш зарурлиги қайд этилди. Шу муносабат билан томонлар Ўзбекистон-БАА Ишбилармонлар кенгаши тузилганини мамнуният билан олқишлаб, икки мамлакат тадбиркорларини муваффақиятли ва ўзаро манфаатли ҳамкорликка чақирдилар.
Тадбир дастури доирасида Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик, тоғ–кон саноати, электротехника, фармацевтика, заргарлик ва бошқа соҳаларидаги инвестициявий салоҳиятининг тақдимотлари ўтказилди. БАА инвесторлари мамлакатда амалга оширилаётган хусусийлаштириш дастури ва унинг оралиқ натижалари билан танишди.
Тадбир давомида икки мамлакат бизнес ҳамжамияти вакиллари ўртасида учрашувлар ҳам бўлиб ўтди. Томонлар Ўзбекистонда қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, шунингдек, ўзаро манфаатли савдо битимларини тузиш имкониятларини муҳокама қилдилар.
Форум якунида бир қатор икки томонлама ҳужжатлар, жумладан, Ўзбекистон-БАА Ишбилармонлар кенгашини ташкил этиш тўғрисидаги битим, Ўзбекистон Республикасининг “World Logistics Passport” халқаро савдога кўмаклашиш дастурига қўшилиш тўғрисидаги битим, Ўзбекистон-БАА инвестиция компанияси ва “E20 Investments Ltd.” ўртасида Ўзбекистонда Гилос ва резавор ўсимликларни етиштириш бўйича инвестиция лойиҳасини амалга ошириш тўғрисида битим, шунингдек, Ўзбекистон томонидан Тошкент шаҳар Инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси раҳбарияти ва БАА томонидан Абу-Даби иқтисодий ривожланиш департаменти тасдиқлаган Иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш тўғрисидаги Меморандум имзоланди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги