Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон элчиси Қувайтнинг «San Shine» оммабоп теледастурига берган интервьюсида мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ўзгаришлар ҳақида сўзлади
2021-08-25 | Сиёсат
Мамлакатимиз мустақиллигининг 30 йиллиги нишонланиши арафасида Ўзбекистон элчиси Баҳромжон Аълоев Қувайтнинг «San Shine» («Хайрли тонг, Қувайт») тонгги оммабоп теледастурига интервью берди.
Ушбу ахборот-кўнгилочар дастур томошабинларнинг севимли ва машҳур телекўрсатувларидан бири бўлиб, ҳар куни эрта тонгда жонли эфирга узатилади.
Ўзбекистон Президентининг «Янги Ўзбекистон» газетасига берган интервьюсига асосланиб, дипломатик миссия раҳбари мустақиллик йилларида, айниқса, сўнгги беш йил давомида мамлакатимиз ҳаётининг барча соҳаларида эришилган муваффақиятлар ҳақида атрофлича сўз юритди.
Унда 2016 йилда Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида Ўзбекистон ўз тараққиётининг янги босқичига қадам қўйгани алоҳида таъкидлангани ҳолда республикамизда кенг кўламли ижтимоий-иқтисодий ва демократик ислоҳотлар амалга оширилаётганига урғу берилди.
Элчихона раҳбари ўзбек дипломатиясининг минтақавий интеграцияни ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатлари ҳақида тўхталар экан, Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан жорий йилнинг 15-16 июль кунлари Тошкентда юқори даражадаги «Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар» халқаро анжуман ўтказилганини таъкидлади. Учрашувда Афғонистон Президенти, Покистон Бош вазири, Марказий ва Жанубий Осиё ташқи ишлар вазирлари, Форс кўрфази араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши, 44 мамлакат ва 30 дан ортиқ халқаро ташкилот делегациялари иштирок этди.
Дастур бошловчилари томошабинлар эътиборини Ўзбекистонда бўлажак муҳим сиёсий воқеа – Президент сайловига қаратди. Шу муносабат билан, элчи мамлакат Конституциясига киритилган сўнгги ўзгартишларга мувофиқ, 24 октябрь куни Президент сайлови ўтказилишини маълум қилди. Янги Ўзбекистонда бўлажак сайловлар янги миллий сайлов қонунчилигига мувофиқ ва умумэътироф этилган халқаро стандартлар ва демократик тамойилларга мувофиқ – очиқ ва ошкора ташкил этилади. Ўтган беш йил мобайнида мамлакатимизда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилгани, инсон ҳуқуқлари, сўз эркинлигини таъминлаш ва оммавий ахборот воситалари соҳаларида рўй берган демократик ўзгаришлар алоҳида ўрин тутиши қайд этилди. Парламент тизими ва сайлов кодекси такомиллаштирилди. Президент сайловларида қатнашиш учун ўз номзодларини кўрсатган мамлакатнинг бешта сиёсий партияси ўз фаолиятини мавжуд қонунчилик ҳужжатларига ва ўз низомларига асосан амалга оширади.
Элчи бу йил бўлиб ўтадиган Президент сайловига кўплаб хорижий кузатувчилар, жумладан, Қувайт вакиллари ҳам таклиф этилишига эътибор қаратди. Халқаро кузатувчилар томонидан сайловларнинг кузатилиши сайловларнинг демократия, очиқлик ва ошкоралик тамойилларига асосланган ҳолда ўтказилишини жаҳон ҳамжамиятига намойиш этади.
Сайёҳлик салоҳияти, республикада туризм индустриясини ривожлантириш, шунингдек, ўзбек халқининг бой тарихи, маънавий, маданий ва илмий мероси, Қувайт фуқаролари учун визасиз режим жорий этилгани, жорий йилнинг июнь ойидан бошлаб икки мамлакат ўртасида тўғридан-тўғри парвоз очилиши ҳақидаги батафсил маълумотлар ҳам телетомошабинлар эътиборига ҳавола этилди. Сўнгги йилларда дунёдаги энг муҳим ва истиқболли сайёҳлик масканларидан бирига айланган Ўзбекистон коронавирус пандемиясининг оғир даврини енгиб ўтгач, чет эллик сайёҳларга ўз эшикларини қайта очгани алоҳида таъкидланди.
Элчи бу йил икки мамлакат ўртасида дипломатия муносабатлари ўрнатилганининг 27 йиллиги нишонланиши муносабати билан сиёсий, савдо-иқтисодий, сармоявий, молиявий, маданий-гуманитар соҳаларда Ўзбекистон – Қувайт муносабатларини ривожлантириш бўйича ўтган йиллар якунларини сарҳисоб қилди. Шу ўринда жорий йил июль ойида бўлиб ўтган Тошкент конференциясидаги Қувайтнинг иштироки юқори даражада бўлгани алоҳида таъкидланди. Мазкур анжуман доирасида Ўзбекистон Президенти Қувайт Давлати ташқи ишлар вазири, Вазирлар Маҳкамаси ишлари бўйича давлат вазири шайх Аҳмад Носир ал-Муҳаммад ас-Сабоҳни қабул қилди. Дўстона ва конструктив руҳда ўтган учрашув якунида томонлар Ўзбекистон-Қувайт муносабатларини янада ривожлантириш учун «Йўл харитаси»ни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш юзасидан келишувга эришди.
Суҳбат чоғида таълим соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш учун катта имкониятлар мавжудлигига ҳам эътибор қаратилди. Мустақилликнинг дастлабки йилларидан бошлаб ҳукумат томонидан таълим тизимини ривожлантириш ва ёш авлодни тарбиялашга катта эътибор қаратилаётгани алоҳида таъкидланди. Бугунги кунда Ўзбекистонда 30 ёшгача бўлган болалар ва ёшлар 35 миллионли мамлакат аҳолисининг 60 фоизини ташкил этади.
Манба: “Дунё” ахборот агентлиги