Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон ва ЕИ кўп қиррали ҳамкорлик доирасида мулоқотни ривожлантириш ниятида
2021-08-25 | Иқтисодиёт
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича Махсус вакили Тери Ҳакалани қабул қилди.
Томонлар Ўзбекистон ва ЕИ ўртасидаги сиёсий ва дипломатик, савдо-иқтисодий, инвестициявий, молиявий-техник, транспорт ва логистика, маданий-гуманитар муносабатларнинг бугунги ҳолати ва уларни ривожлантириш истиқболларини, шунингдек, Афғонистонда кузатилаётган вазиятни ҳисобга олган ҳолда минтақавий ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилдилар.
Мамлакатимизда демократик институтларини ривожлантириш, иқтисодиётни либераллаштириш ва ҳуқуқий муҳитни мустаҳкамлашда салмоқли натижаларга эришилгани таъкидланди. Ҳамкорликнинг асосий йўналишлари бўйича мулоқотни давом эттиришга ўзаро тайёрлик билдирилди. ЕИ махсус вакили Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёнида Ўзбекистонга амалий ёрдам кўрсатишга содиқлигини тасдиқлади ҳамда Ўзбекистон билан ЕИ ўртасида Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим лойиҳаси юзасидан келишишнинг қисқа муддатларда якунланишига ишонч билдирди.
Шунингдек, томонлар ҳамкорликнинг устувор йўналишлари сифатида ковиддан кейинги даврда Ўзбекистон ва ЕИга аъзо давлатлар ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмини, шу жумладан, “GSP+” Преференциялар бош тизими имкониятларидан фойдаланиш орқали кўпайтириш ҳамда маданий-гуманитар соҳадаги қўшма дастурларни амалга оширишни белгиладилар.
Учрашув натижасида кўриб чиқилган барча йўналишларда яқин ҳамкорликни давом эттириш бўйича келишувга эришилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги