Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзкомназорат раҳбарияти Олий Мажлис Сенати Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитасининг мажлисида иштирок этди
2021-08-24 | Технологиялар
2021 йил 24 август куни Олий Мажлис Сенати Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитасининг мажлиси бўлиб ўтди.
Унда Сенат аъзолари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари доимий комиссиялари раислари, қўмита ҳузуридаги экспертлар гуруҳи аъзолари, мутасадди вазирлик ва идоралар, Ўзбекистон Республикаси Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси раҳбарияти ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Мажлисда Сенатнинг ўн саккизинчи ялпи мажлисида муҳокама қилиниши назарда тутилган 6 та масала (шундан 3 таси қонун) кўриб чиқилди.
Шу билан бирга қонун ва қонун ости ҳужжатларини янада тартибга солиш, уларда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини янгича ташкил қилиш юзасидан 5 та кодексга, яъни Жиноят-процессуал, Фуқаролик процессуал, Иқтисодий процессуал, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ҳамда Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексларига бир қатор ўзгаришлар ва қўшимчалар киритиш муҳокама этилди.
Сенаторлар томонидан “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни тўғрисида атрофлича муҳокама қилинди.
Эътиборлиси, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган техник воситаларда ҳамда шахсга доир маълумотлар базаларининг давлат реестрида белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган маълумотлар базаларида шахсига доир маълумотларни қонунга хилоф равишда олиш, қайта ишлаш, сақлаш, тарқатишга оид талабларга риоя этмаслик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланаётганлиги қайд этиб ўтилди. Мазкур масала бўйича ОАВ ходимлари ҳамда мажлис иштирокчиларининг саволларига Ўзкомназорат масъуллари томонидан жавоб ҳамда тушунтиришлар берилди.
Мажлисда муҳокама қилинган масалалар юзасидан қўмитанинг тегишли қарорлари қабул қилинди.