Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Қашқадарё вилоятида стартап лойиҳалар танлови ўтказилади
2021-08-24 | Инновация
Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамда Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ўртасида Қашқадарё вилоятида стартап лойиҳаларини молиялаштириш бўйича танлов ташкил этиш юзасидан ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Меморандумни инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов ҳамда Қашқадарё вилояти ҳоким Зоир Мирзаев видеоконференс алоқа орқали ўтказилган учрашувда масофадан имзоладилар.
Меморандум Қашқадарё вилоятида илмий ва инновацион фаолият билан шуғулланиб келаётган фуқароларни қўллаб-қувватлаш, стартап лойиҳаларини тенг улушларда молиялаштириш бўйича ўзаро ҳамкорлик фаолиятини йўлга қўйиш ва ушбу йўналишда танлов ташкил этиш мақсадида тузилди. Унга кўра, Қашқадарё вилоятида илмий ва инновацион фаолият билан шуғулланиб келаётган фуқароларнинг ташаббускор стартап лойиҳаларини молиялаштириш учун ҳамкорликда танлов ташкил қилинади.
Мазкур имзоланган ҳужжатда Қашқадарё вилояти ҳокимлиги т омонидан вилоятдаги фуқароларнинг аниқ амалга ошириш механизмлари, муддати ва дастлабки натижалари кўрсатилган стартап лойиҳаларини танловга жалб этилиши белгиланган. Танлов натижаларига кўра Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳайъати томонидан молиялаштиришга тавсия этилган стартап лойиҳаларга ўрнатилган тартибда грант маблағларини ажратилади.
Инновацион ривожланиш вазирлиги ўз навбатида танловни ташкил этиш, ўтказиш, ғолибларни танлаб олиш ишларини амалга оширади. Техник ва молиявий-иқтисодий экспертизадан, ҳамда Илмий-техник кенгашдан муваффақиятли ўтган стартап лойиҳаларни молиялаштириш масаласини Инновация ривожланиш вазирлиги ҳайъатида кўриб чиқилади.
Стартап лойиҳалар танловларини амалга ошириш учун Инновацион ривожланиш вазирлиги 2 млрд сўм ва Қашқадарё вилояти ҳокимлиги 2 млрд сўм миқдорида пул маблағлари ажратади.
Вазир ва ҳоким Қашқадарё вилоятининг Нишон тумани инновацион ҳудудга айлантириш бўйича амалага оширилаётган ишларни ҳам муҳокама қилдилар. Бугунги кунга қадар, Қашқадарё вилоятидан умумий қиймати 11,4 млрд.сўм бўлган 12 та инновацион лойиҳа вазирликка тақдим этилган бўлиб, шундан жами қиймати 7,7 млрд. сўмлик 6 та лойиҳа вазирлик ҳайъатида молиялаштирилиши маъқулланди.
Шунингдек, 2022 йилдан Қашқадарё вилоятида қурилиши режалаштирилган Ёшлар технопарки учун жой ажратиш масаласи ҳам кўриб чиқилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш агентлиги