Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
“Мен ғолиб” шиори остида ўтказилган армия ўйинлари ғолиблари тақдирланди
2021-08-23 | Хавфсизлик соҳаси
Шу йилнинг август ойида Мудофаа вазирлиги миқиёсида “Мен ғолиб” шиори остида 26 та номинация бўйича ўтказилган армия ўйинлари ниҳоясига етди.
Кеча, 21 август куни “Чирчиқ” дала-ўқув майдонида ушбу мусобақа ғолибларини тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Унда мудофаа вазири генерал-лейтенант Баҳодир Қурбонов, Тошкент вилояти ҳокими Даврон Ҳидоятов, бир гуруҳ жамоатчилик вакиллари ҳамда Қуролли Кучлар фахрийлари иштирок этди.
Очилиш маросимида сўз олганлар Президентимиз бошчилигида мудофаа тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, юрт ҳимоячилари учун яратилаётган шароитлар ҳамда уларнинг кўрсатаётган натижалари, халқаро майдонлардаги самарали ютуқлари ҳақида ўз мулоҳазаларини билдириб ўтишди.
Сўнгра “Танк биатлони”, “Ишончли қабул”, “Ҳарбий ралли”, “Тинчлик жангчиси”, “Қўшин разведкаси аълочиси”, “Артиллерия олови устаси”, “Мусаффо осмон”, “Армия тактик отиши”, “Қуролсоз устаси”, “Хавфсиз муҳит”, “Мерганлар марраси”, “Энг илғор АГС ҳисоби”, “СПГ ҳисоби” каби номинациялар бўйича ғолибликни қўлга киритган жамоаларни тантанали равишда тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Якуний натижаларга кўра, 1-ўринга Тошкент ҳарбий округи жамоаси, 2-ўринга Шарқий ҳарбий округ жамоаси ва 3-ўринга Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондонлиги жамоаси муносиб деб топилди. Ғолиб ва совриндорлар фахрий ёрлиқ ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги