Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Янги Ўзбекистон демократик ўзгаришлар, кенг имкониятлар мамлакатига айланмоқда

2021-08-23 | Сиёсат

Наманган вилояти Тўрақўрғон туманидаги маданият саройида бўлиб ўтган илмий-амалий конференция Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Янги Ўзбекистон” газетасида чоп этилган интервьюсининг мазмун-моҳиятини ўрганиш ва кенг тарғиб этишга бағишланди.

Шаҳар ва туманлар ҳокимлари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлари, вилоят бошқарма ва ташкилотлари раҳбарлари, жамоатчилик вакиллари, фаол ёшлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокидаги мазкур тадбирда Наманган вилояти ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Шавкат Абдураззоқов маъруза қилиб, давлатимиз раҳбарининг интервьюсида таъкидланган устувор йўналишлар бўйича Наманганда сўнгги беш йилда бажарилган ишларни сарҳисоб қилиб, келгусидаги муҳим вазифаларга тўхталди.

Шу йилнинг 17 август куни чоп этилган “Янги Ўзбекистон демократик ўзгаришлар, кенг имкониятлар ва амалий ишлар мамлакатига айланмоқда” сарлавҳали мазкур интервьюда юртимизнинг сўнгги беш йилликдаги тараққиёт йўли, ички ва ташқи сиёсати, бугунги куннинг устувор вазифалари ҳақида сўз юритилган. Хусусан, “Янги Ўзбекистон”нинг барпо этиш ғояси, унинг тарихий асослари, бу юксак маррага эришиш йўлидаги муҳим жиҳатлар, “Учинчи ренесанс” пойдеворини яратишда олдимизда турган вазифалар қайд этилган.

– Муҳтарам Президентимиз ўз интервьюсида аҳолининг турмуш фаровонлигини ошириш, миллий иқтисодиётимизнинг рақобатбардошлигини таъминлаш, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш соҳасини такомиллаштириш, маънавий-маърифий ишларни кучайтириш, халқаро ҳамкорлик кўламини янада кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратди, – деди Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов. – Биз ушбу интервьюнинг туб моҳиятини англаб етишимиз, ҳамюртларимизга охирги беш йилда мамлакатимизда амалга оширилган шиддатли ўзгаришлар ҳақида кўпроқ ҳаётий мисоллар билан тушунтиришимиз лозим. Бу борада кўпни кўрган нуронийлар, депутатлар, иқтидорли ёшлар фаол бўлиши муҳим аҳамиятга эга. Зеро, бугунги ўзгаришлар аҳолининг барча қатламлари манфаатларига ижобий таъсир кўрсатаётган экан, ўзини шу юрт фуқароси сифатида санаган ҳар бир киши ислоҳотларга дахлдорликни чин қалбдан ҳис қилиши зарур.

Вилоят раҳбари ўз сўзида, интервьюда қайд этилган устувор йўналишлар ҳақида тўхталаркан, мамлакатимизда аҳолининг ижтимоий муаммоларини ҳал этиш бўйича жорий этилган янгича, ўхшаши йўқ тизимнинг вилоятдаги самараларига тўхталди. Яъни, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”, “Маҳаллабай” ва “Хонадонбай” ишлаш усули минглаб ижтимоий ҳимояга муҳтож юртдошларимиз дарду муаммоларига дармон бўлди. 2020 йилнинг октябр-декабрь ойларида ўтказилган хатлов натижаларига кўра, 35 275 нафар хотин-қиз “Аёллар дафтари”га киритилиб, бугунги кунга қадар уларнинг 34911 нафарига, бошқача айтганда 98 фоизидан ортиғига амалий ёрдам кўрсатилди. Шунингдек, “Темир дафтар”га ўтган йили 34761 та оила киритилиб, бу дафтардаги камбағал ва эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш натижасида жорий йил бошида 29711 та оила ушбу рўйхатдан чиқарилди. Ҳозирга вақтга қадар эса 4366 та оила ҳам мазкур дафтардан чиқарилди.

Наманган вилоятида 22 та қишлоқ ва 4 та маҳалла “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларига киритилиб, уларнинг бош режалари ишлаб чиқилган. Дастурлар доирасида 2 триллион 304 миллиард сўмлик бунёдкорлик ишлари бажарилмоқда. Бу танлаб олинган қишлоқ ва маҳаллаларда 17 минг 221 та хонадон мавжуд, уларда истиқомат қиладиган 88 минг 136 нафар аҳолининг яшаш шароитлари яхшиланади, маҳалласига, кўчасига ободлик ва тараққиёт кириб боришига хизмат қилади. Бу эзгу ишларнинг барчаси “маҳаллабай” ишлаш тизимининг натижасидир.

Наманган иқтисодиётининг "драйвери", яъни ўсиш нуқтаси ҳисобланган кичик саноат зоналари инфратузилмалари учун 50 миллион АҚШ доллари (613 миллиард сўм) миқдоридаги маблағ ажратилганини билдирди. Ушбу пуллар вилоятдаги 72 та кичик саноат зонасида тадбиркорларнинг 1085 та лойиҳаларини электр, йўл, сув, оқава каби тармоқларига сарфланади.

Анжуманда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Наманган вилояти бўлими раиси, шоир Зиёвиддин Мансуров, Чортоқ туманидаги Дамариқ маҳалласининг нуронийлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Абдуллажон Ўринбоев, Наманган давлат университети докторанти Ҳожиакбар Муталов, Исҳоқхон Ибрат номидаги хорижий тилларга ихтисослаштирилган мактаб интернати ўқувчиси Дилобар Маҳмудова, Наманган муҳандислик-технология институти ректори, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Одилжон Маматкаримов, Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Наманган вилояти филиали директори, тиббиёт фанлари номзоди, O‘zLiDeP вилоят кенгаши раиси, депутат Солижон Мўминов, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг вилоядаги вакили Абдулҳай Турсунов ва бошқалар ўз мулоҳазаларини билдирди.  

Президентимизнинг “Янги Ўзбекистон” газетаси бош муҳаррири билан суҳбатида илгари сурилган ғоялар, барча жабҳаларда олиб борилаётган амалий ислоҳотларни чуқурлаштириш бўйича олдимизга қўйилган вазифалар ҳар биримиз учун дастуриламал вазифа бўлиши кераклиги таъкидланди.

Манба: ЎзА

Поделиться