Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Президент: электр энергиясидаги узилишлар кўпчилик тадбиркорларимизни безовта қилаётгани ҳам айни ҳақиқат
2021-08-20 | Сиёсат
Давлатимиз раҳбари тадбиркорлар билан очиқ мулоқотда электр энергияси борасидаги муаммолар, янги лойиҳаларга ҳам тўхталиб ўтди.
– Бу масала бўйича ҳар бир туман, шаҳар ва маҳалла кесимида алоҳида дастурлар амалга оширилмоқда, – деди давлатимиз раҳбари. – Жорий йил 1 ноябргача 4 мингта трансформаторни алмаштириш, 35 та подстанция, 15 минг километр тармоқларни янгилаш ишлари якунига етказилади. Бу ишларни амалга ошириш учун жорий йилнинг ўзида илк бор 3 триллион сўм маблағ ажратганмиз. Олдинги йилларда бу ишларнинг 10 фоизи ҳам бўлмаган.
Агар таҳлил қилиб кўрсак, сўнгги 5 йилда электр энергияси истеъмолчиси бўлган тадбиркорлар сони 25 фоизга, уларнинг истеъмол ҳажми 30 фоизга ошган. Шу боис электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажмини кескин ошириш мақсадида соҳага тўғридан-тўғри хорижий ва хусусий бизнес кириб келди.
Натижада шу йил якунига қадар тўлиқ хусусий инвестициялар ҳисобига умумий қуввати 1 минг 800 мегаватт бўлган 8 та иссиқлик ва қуёш электр станциялари ишга туширилади.
–Энергетика вазирлиги келгуси йилларда бу каби лойиҳаларни кескин кўпайтириб, 2023 йилга қадар электр энергияси бўйича қўшимча ишлаб чиқариш қувватларини 4 минг 400 мегаваттга ошириши шарт,– дея таъкидлади Президент.
Мулоқот давом этмоқда.
Манба: ЎзА