Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Шавкат Мирзиёев: Тадбиркорлар билан бугунги учрашувимиз – ҳаётимизнинг талаби
2021-08-20 | Сиёсат
Айни пайтда “Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимиз тадбиркорлари билан очиқ мулоқоти давом этмоқда.
Очиқ мулоқотда 600 нафар тадбиркор бевосита иштирок этаётган бўлса, 1 минг 800 нафари ҳудудларда, 8,5 минг нафари туман ва шаҳар студияларида, жами 10 мингдан ортиқ ортиқ вакил иштирок этмоқда.
Тадбирда, шунингдек, Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, Президент Администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси, барча вазирлик ва идоралар мутасаддилари қатнашмоқда.
Мазкур мулоқотга тайёргарлик доирасида Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида Республика штаби ташкил қилинди. Штаб 20 июлдан 10 августгача туну кун фаолият олиб борди, унга тадбиркорлардан 15 мингдан зиёд мурожаат келиб тушди. Мурожаатлар кўплиги сабаб, уларни қабул қилиш жараёни бир неча марта узайтирилди.
Тадбирда Президентимиз Шавкат Мирзиёев нутқ сўзламоқда.
– Беш йил илгари мазкур тизимга мутлақо эътибор йўқ эди. Битта нарсани юрагимдан айтмоқчиман, тадбиркорларга шароит яратиш бўйича армонларим бор эди. Мен ҳам вилоятларда ҳоким бўлганман, Бош вазир бўлганимда ҳам ҳаракатлар натижасиз эди. Қоғоз бор эди, амалда ҳеч нарса йўқ эди. Бу – ҳақиқат. Шу боис, мазкур мулоқотни ташкил қилдик. Тадбиркорлар сезсинки, улар янги Ўзбекистоннинг замини. Мана шу очиқ мулоқотимизга тайёргарлик жараёнида кўрдик, улардан жуда кўп ташаббуслар келиб тушди. Бу ташаббуслар Президент учун жуда ҳам керак. Албатта кўп ишлар қилдик, булар – бошланиши. Ўзбекистон шароитида тадбиркорлар эмин-эркин ишлаши учун ҳали кўп иш қилишимиз керак.
Нима учун тадбиркорлардан мурожаатлар қабул қилишни 10 кунга чўздирдим? Жойлардаги ҳокимлар билсин, тадбиркорга “хўп деб айтгин, 10 кундан кейин ҳал қилиб бераман” деган гаплар энди ўтмайди. Тадбиркорлар ҳам шунга кўникса Ўзбекистонда ислоҳот бўлмайди. Президент вақт топаяпти бу муаммолар билан шуғулланишга, нимага ҳоким вақт топмайди?! Мана ҳозир барча ҳокимлар эшитяпти, илгари 99 фоиз умримиз эгилиб пахта экиш, эгилиб пахта териш билан билан ўтарди. На ижтимоий соҳа билан, на тадбиркорлик билан шуғулландик.
Бугунги учрашувимиз – ҳаётимизнинг талаби. Биз халқимизни рози қиламиз десак, тадбиркорларга кўмакчи, елкадош бўлишимиз, қонунчиликка керакли ўзгартишларни киритишимиз лозим. Ҳали жуда кўп қонунларимиз тадбиркорларга маъқул эмас, – деди Шавкат Мирзиёев.
Тадбирда ҳудудлардан тадбиркорлар сўзга чиқиб, ўзларини қийнаётган масалаларни ўртага ташламоқда, таклиф ва фикрларини билдирмоқда. Кўп мурожаатлар шу ернинг ўзида ҳал қилинмоқда ёки уларни қисқа муддатда ечиш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берилмоқда.
Манба: ЎзА