Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
"Меҳр дафтари"га кимлар киритилади?
2021-08-19 | Жамият
“Меҳр дафтари” тизими доирасида амалга ошириладиган чора-тадбирларни молиялаштириш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан “Меҳр дафтари”га киритилган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни қўллаб-қувватлаш жамғармалари ташкил этилади.
Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Саодат Боймирзаева иштирокидаги брифингда маълум қилинди.
Қайд этилишича, Президентимизнинг жорий йил 30 июлдаги “Кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандларини қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилаларнинг фарзандларини кийим-бош тўпламлари, мактаб формаси ва ўқув қуроллари билан таъминлаш мақсадида жорий йил августида “Темир дафтар”га киритилган, боқувчисини йўқотганлик пенсияси ёки нафақасини олувчи оилаларнинг 18 ёшга тўлмаган ҳар бир фарзандига, шунингдек, ногиронлиги бўлган 18 ёшга тўлмаган ҳар бир болага Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 500 минг сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам кўрсатиш белгиланган.
Ушбу вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш ва бошқа тегишли бўлимлар, тижорат банклари вакилларидан иборат Ишчи гуруҳлар тузилган. Бунда фуқаролар йиғинлари ҳамда секторлар тегишли масъул ташкилот вакиллари билан биргаликда уйма-уй юрган ҳолда “Темир дафтар”га киритилган оилаларнинг 18 ёшга тўлмаган болалари рўйхатини шакллантиради. Туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бириктирилган тижорат банклари билан биргаликда моддий ёрдам пулларини фуқароларга нақд пул шаклида етказиш ёки банк пластик карталарига ўтказилишини таъминлайди. Бир марталик моддий ёрдам пулларининг нақд пул шакли “Халқ банки”нинг сайёр кассалари томонидан пенсия ва нафақалар билан бир вақтда етказиб берилади. Ушбу пул маблағлари фуқаролар томонидан қабул қилиб олинганда ёки банк пластик карталарига ўтказилгандан сўнг фуқароларнинг телефон рақамларига бу ҳақида хабар юборилади.
Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида моддий ёрдам маблағларини юртдошларимизга манзилли етказиш бўйича зарур ишлар олиб борилмоқда. Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда айтишим мумкинки, оилангиз “Темир дафтар”га киритилган ва маълум тоифага мансуб бўлса, оиладаги болалар сонидан келиб чиққан ҳолда мазкур оилаларга тегишли моддий ёрдам кўрсатилади. Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 9 августдаги “Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни тарбиялашнинг тубдан янгиланган тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида” қарорида “Меҳрибонлик уйи”, Болалар шаҳарчалари, оилавий болалар уйлари ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги Болалар уйлари тарбияланувчиларининг муаммоларини ўрганиш ҳамда ҳал этиш, уларнинг орзу-истакларини рўёбга чиқаришга кўмаклашиш мақсадида “Меҳр дафтари” тизими жорий этилиши белгиланган.
Шунингдек, ушбу қарор асосида етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни фарзандликка, васийликка (ҳомийликка, патронатга) оладиган оилаларда тарбиялаш тизими босқичма-босқич жорий этилади ва бунинг учун турли рағбатлантириш чоралари кўрилади. Болаларнинг ота-она қарамоғидан маҳрум бўлишининг сабаблари ўрганилади ва аниқланган муаммолар тизимли равишда бартараф этилади.
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги “Меҳрибонлик уйи” ва бошқа ўқув-тарбия муассасаларида тарбияланаётган, васийликка, ҳомийликка ва оилага тарбияга олинган (патронат) қизларнинг таълим-тарбияси, уларни балоғатга, турмушга тайёрлаш ишларига масъул этиб белгиланди. Унга кўра, вазирлик томонидан шу тоифадаги қизларнинг ижтимоий ҳолати доимий ўрганиб борилади. Шунингдек, ушбу қизлар “Меҳр дафтари”га киритилиб, уларни қийнаётган масалалар жойида ҳал этилади, кейинги ҳаётларида ўз ўринларини топишларига ҳар томонлама кўмак берилади.
Айни пайтда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан мазкур вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида зарур ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси, Миллий гвардиянинг масъул мутахассислари, “Маҳалла ва оила” илмий-тадқиқот институти олимлари билан биргаликда ўқув-тарбия муассасалари тарбияланувчиларининг муаммоларини ўрганиш ҳамда ҳал этиш, уларнинг орзу-истакларини рўёбга чиқаришга кўмаклашиш бўйича “Меҳр дафтари” анкета сўровнома лойиҳаси ишлаб чиқилди. Шунингдек, “Меҳр дафтари”ни юритиш орқали ногиронлиги бўлган, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган ҳамда етим болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг янги тизимини жорий этиш бўйича янги тартиб лойиҳаси ишлаб чиқилди. Ушбу лойиҳалар белгиланган тартибда тегишли вазирлик, идоралар ва раҳбарият билан келишилгандан сўнг амалиётга жорий этилади.
Муҳайё Тошқораева
Манба: ЎзА