Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Конференция тинчликни мустаҳкамлаш ва барқарор ривожланиш учун янги имкониятларни очади

2021-08-18 | Сиёсат

“Марказий ва Жанубий Осиёнинг ўзаро боғлиқлиги: пойдевори, истиқболлари, геостратегик аҳамияти” мавзусида илмий-амалий конференция бўлиб ўтди. Мазкур конференция жорий йил июль ойида Президентимиз ташаббуси билан ўтказилган “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусидаги халқаро конференция якуни, унда белгиланган мақсад ва вазифалар ижроси, амалий ҳаракатларга бағишланди.

Тошкент конференциясининг минтақани ривожлантиришдаги амалий аҳамияти, мамлакатимиз томонидан илгари сурилган янги таклиф ва ташаббуслар ҳақида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ректори Содиқ САФОЕВ билан суҳбатлашдик.

– Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан ўтказилган “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусидаги Тошкент халқаро конференциясининг аҳамиятли жиҳати, унда билдирилган таклиф ва ташаббуслар ҳақида тўхталиб ўтсангиз.

– Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев “Янги Ўзбекистон” газетасига кеча берган интервьюсида қайд этганидек, халқаро конференцияда мамлакатимиз томонидан илгари сурилган янги таклиф ва ташаббуслар нафақат ушбу бепоён минтақа давлатларида, балки жаҳон ҳамжамиятида катта қизиқиш уйғотди. Конференция Тошкент руҳини яна бир карра намоён этди.

Биринчидан, у Марказий Осиё давлатларининг ташқи сиёсат ва халқаро иқтисодий алоқалар борасидаги янги геостратегик назарини акс эттирди. Сўнги бир неча асрда илк бор минтақа ўзи учун устувор йўналиш сифатида шаклланаётган янги муҳим минтақани белгилади –бу Жанубий Осиё.  

Иккинчидан, Тошкентда бундай кенг қамровли ва ўта нуфузли халқаро тадбир ташкил этилиши ва муваффақиятли ўтказилиши янги геосиёсий воқеликни намойиш қилди. Сўнгги йилларда бутун дунёда таъсири ва обрўйи тобора ортиб бораётган давлат – янги Ўзбекистон пайдо бўлди.  

Анжуман ишида нафақат Марказий ва Жанубий Осиё минтақалари мамлакатлари, шунингдек, дунёнинг энг йирик давлатлари штирокини таъминлаш, балки уларнинг нуқтаи назарларини мувофиқлаштиришга муваффақ бўлинди. Бу камдан-кам мамлакатлар уддалай оладиган натижадир. Унинг замирида Ўзбекистон Президентининг халқаро микёсда катта обрўга эга замонамизнинг арбоби сифатида эътироф этилгани ётади.    

Конференция нуфузини шу яққол кўрсатдики, унинг ишида 40дан ортиқ мамлакат ва халқаро ташкилотнинг 250дан зиёд нуфузли вакили иштирок этди. Эътиборлиси, давлат ва ҳукумат, ташқи сиёсий идоралар раҳбарлари билан бирга тадбир ишида кўп мамлакатлардан келган парламент аъзолари иштирок этди. Бу албатта, минтақа давлатларида вакиллик ҳокимияти органларининг тутган ўрни, шу жумладан, халқаро алоқалар масалаларида тобора ортиб бораётганини кўрсатади.  

Учинчидан, минтақанинг барча давлатларининг саъй-ҳаракати туфайли сўнгги йилларда Марказий Осиёда юз берган туб ўзгаришларсиз ушбу анжуманни ташкил этиш имконсиз бўлар эди.  

Минтақамизда ўзаро ишонч ва муаммоларни биргаликда ҳал этишга интилиш юзага келди, ўзаро савдо ҳажми сезиларли даражада ўсди. Ўтган 4 йил мобайнида Ўзбекистоннинг қўшни мамлакатлар билан савдо айланмаси 5 баробар ошди. Вужудга келган янги сиёсий муҳит Марказий Осиё ва бошқа минтақалар ўртасидаги алоқаларни кенгайтириш учун шарт-шароит яратади.

Тўртинчидан, бугун Жанубий Осиё янгича қиёфа касб этмоқда. Унинг жаҳон иқтисодиётидаги роли ҳам ортиб боряпти. Бу ялпи ички маҳсулоти деярли 3,5 триллион долларни ташкил этувчи жадал ривожланаётган минтақадир. Минтақа жаҳоннинг иқтисодий марказларидан бирига айланмоқда.  

Шу боис, конференция ғояларни амалга ошириш 2 миллиарддан ортиқ нуфусга эга, сайёрамиз хавфсизлиги ва барқарор ривожланишига катта таъсир кўрсатадиган улкан макроминтақа ривожланишига кучли таъсир кўрсатишга қаратилган.

Буларнинг барчаси ушбу конференцияни чақириш ташаббуси ўта долзарблигидан ва у ўз вақтида ўтказилганидан далолат беради. Шак-шубҳа йўқки, конференция минтақада ва қўшни ҳудудларда тинчликни мустаҳкамлаш ва барқарор ривожланиш учун янги имкониятлар очди.

– Сўнгги кунларда Афғонистон заминида юз берган кескин ўзгаришлар яна бир бор Тошкент конференцияси кун тартибига киритилган масалалар, унда илгари сурилган ташабуслар нақадар муҳимлигини яққол исботлади. Бу ҳақда фикрингиз қандай?

– Аввалом шуни таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон Афғонистоннинг яқин қўшниси сифатида бу мамлакатда тезроқ тинчлик ва барқарорлик ўрнатилишидан манфаатдордир. Буни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Янги Ўзбекистон” газетасига берган интервьюсида яна бир урғу бериб қайд этди.

Шу кунларда биз барчамиз яна бир бор шунга амин бўлдикки минтақаларимиз ва алоҳида мамлакатларда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, барқарор ривожланишни таъминлаш – долзарб масаладир. Ушбу мақсадга эришиш, биринчи навбатда бу ерда халқаро кўп томонлама ва икки томонлама ҳамкорликни чуқурлаштириш, ўзаро ишончни мустаҳкамлашни тақозо этади.

Ҳеч шубхасиз, Афғонистондаги вазият ечими кўп жиҳатдан кўшни мамлакатларнинг ёндашувига ҳам боғлиқ. Шу боис, бу борадаги турли даражадаги сиёсий мулоқот тизимли ва мунтазам характерга эга бўлмоғи лозим.Барча чегарадош давлатлар, ушбу мураккаб вазиятда, афғон халқига тинчликни ўрнатиш, гуманитар ҳалокатнинг олдини олишда бевосита ва амалий ёрдам кўрсатмоғи лозим.  

Шу жумладан, парламентарийлар бу жараёндан четда турмаслиги лозим. Халқлар  вакиллари сифатида улар содир бўлаётган жараёнларга нисбатан аниқ позиция, ўз ёндашувларини ишлаб чиқиб, жафокаш Афғон халқига тинч ва осойишта ҳаёт қуришда кўмак бериш йўлларини изламоқлари керак. Бу борада “халқ дипломатияси” ресурсларини ишга солиш, маданий ва гуманитар алоқаларни кенгайтириш мақсадга мувофиқдир.  

Албатта, илмий ҳамжамият, олим ва мутахассислар сўнгги ҳодисалар сабоқлари, вазият генезиси ва келажакдаги ривожланиш сценарийарига оид изланишларни фаоллаштириши керак.  

Афғонистонда тинчликни ўрнатиш, авваламбор нобарқарорликнинг асосий илдизлари – ижтимоий, иқтисодий муаммоларнинг ечимини, камбағаллик ва қашшоқликни кескин қисқартиришни тақозо этади. Бу эса, ўз навбатида, бу мамлакатда йирик иқтисодий лойиҳаларни амалга оширишни, салмоқли хорижий инвестициялар оқимини таъминлашни талаб қилади.

Бунинг учун ҳам Афғонистонниг ўзида, ҳам унинг атроф-теварагида ҳуқуқий, меъёрий, институционал шарт-шароитларни яратиш лозим. Аминманки, бугунги кундаги Афғонистондаги инқироз минтақавий лойиҳаларни, биринчи навбатта, иқтисодий инфраструктура ва транспорт йўлаклари билан боғлиқ режаларни узоқ келажакка қолдириш учун асос бўлмаслиги керак. Аксинча, айнан иқтисодий ривож, Афғонистонни минтақавий ва жаҳон бозорлари билан боғлаш, бу мамлакатда тинчлик ўрнатишнинг ҳал қилувчи омилидир.  

Ўзбекистон Президенти халқаро конференциядаги нутқида Жанубий Осиё мамлакатлари билан ҳамкорликни тиклаш Афғонистон, Марказий Осиё давлатлари учун иқтисодий тараққиётга эришишнинг муҳим омили экани, бу минтақа халқлари фаровонлигини мустаҳкамлаш имконини беришини илмий жиҳатдан чуқур исботлаб берди.  

– Тошкент конференцияси мақсадларига эришишда парламент дипломатиясини қандай баҳолайсиз?

– Конференция якунида қабул қилинган минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш тўғрисидаги қўшма баёнотда Жанубий ва Марказий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқликнинг умумий асосий тамойиллари шакллантирилган. Бу ҳукуматлар, парламентлар, тадбиркорлар, илм-фан ва маданият вакиллари ўртасида мунтазам алоқаларни кенгайтиришни назарда тутади.

Конференция мақсадларига эришиш парламент дипломатияси ресурсларидан фаол фойдаланишни талаб қилади. Парламент аъзолари минтақаларнинг салоҳиятини бирлаштиришга кўмаклашишлари мумкин ва буни амалга ошириши керак.  

Бунда алоҳида эътибор қуйидаги йўналишларга қаратилмоғи керак деб ҳисоблаймиз.

Бизнинг давримиз – очиқ, оммавий жамоат фикрига таянган дипломатия давридир. Бу ташқи сиёсат муваффақиятининг гаровидир. Айниқса, биз бугун муҳокама қилаётган геостратегик бурилиш каби масалаларнинг туб моҳияти, уларнинг халқларимиз фаровонлиги учун тутган амалий аҳамиятини мамлакатларимиз кенг жамоатчилигига етказиш катта аҳамият касб этади.

Марказий ва Жанубий Осиё давлатлари парламентлари ўртасида алоқаларни изчил ривожлантириш, парламентлараро мулоқотни минтақа давлатлари ўртасидаги ишончни мустаҳкамловчи муҳим омил сифатида янада жадаллаштириш лозим. Бу борад, парламентлараро ҳамкорлик гуруҳлари фаолиятини жадаллаштириш жоиздир.

Минтақаларни боғловчи транзит ва логистика тармоқларини ривожлантириш, савдо ва инвестициялар, туризм ва маданий соҳадаги  масалаларини парламентлараро даражада илгари суриш, бунинг ҳуқуқий пойдеворини барпо этиш ва такомиллаштириш ўта муҳимдир.  

Халқаро банк-молия фаолияти, соғлиқни сақлаш, таълим, илм-фан ҳамда маданият масалалари бўйича эришилган келушувларни рўёбга чиқариш борасида парламент назоратини амалга ошириш даркор.  

БМТ Бош Ассамблеясининг Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш тўғрисидаги махсус резолюциясини қабул қилиш бўйича ташаббусни парламентлараро даражада илгари суриш муҳим масаладир.  

Президентимиз ўз нутқида таъкидлаганидек, бизнинг олдимизда Марказий ва Жанубий Осиё, умуман, бутун Евроосиё минтақасини барқарор, иқтисодий ривожланган фаровон ҳудудга айлантириш вазифаси турибди. Тошкент халқаро конференцияси Ўзбекистоннинг ушбу мақсадига эришиши учун муҳим замин яратди.

Манба: ЎзА

Поделиться