Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Спортчиларимизнинг саломатлиги ҳар нарсадан муҳим

2021-08-18 | Спорт

Бугун Кениянинг Найроби шаҳрида 20 ёшгача бўлганлар ўртасида енгил атлетика бўйича навбатдаги жаҳон чемпионати бошланди.

22 августгача давом этадиган дунё биринчлигида эпидемиологик вазият сабабли кўплаб давлатларнинг енгил атлетикачилари иштирок этмаётган бўлса, АҚШ, Буюк Британия, Австралия, Германия каби мамлакатлар етакчи спортчиларсиз Найроби баҳсларида қатнашмоқда.

Биз ушбу жаҳон биринчилигида мамлакатимиз спортчилари иштироки хусусида Ўзбекистон енгил атлетика федерацияси раиси Андрей Абдувалиевга  мурожаат этдик. 

–Токио олимпиадаси якунланиши билан бир қатор спорт турларида жаҳон чемпионатлари, халқаро турнирлар бошланиб кетди. Хусусан, Кенияда енгил атлетика бўйича 20 ёшгача бўлган спортчилар ўртасидаги  жаҳон чемпионати ўтказилмоқда. Ўзбекистон енгил атлетикачилари ушбу нуфузли мусобақада қатнашмаётганлигининг сабаби нимада?

–Ушбу жаҳон биринчилиги аслида бундан бир йил муқаддам ўтказилиши керак эди. "Ковид-19" касаллиги сабабли чемпионат бир йилга кечиктирилди. Кечиктирилганда ҳам айнан Токио олимпидаси якунланиши билан бошланиши белгиланди. Бу сўзсиз хорижга чиқиш визаларини расмийлаштириш, керакли маблағларни йўналтириш учун ўта тиғиз кўриниш олди.

–Демак, спортчиларимизнинг Кенияга боролмаганлигининг асосий сабаби вақт ва маблағ билан боғлиқ экан-да?

–Йўқ, албатта. Давлатимиз томонидан, қолаверса, 2021 йилги спорт тақвим режасига асосан барча масалалар ҳал этилганди. Бироқ мазкур жаҳон чемпионати дастурига биноан мусобақаларда қатнашадиган, Кенияга борадиган спортчилар 4 та вакцина олган бўлиши лозимлиги белгиланган. Бундан ташқари, жаҳон чемпионати ташкилий қўмитаси иштирокчи давлатлар спортчилариининг соғлиги ва хавфсизлиги кафолатланмаслиги, керакли тиббий ёрдам кўрсатилиши таъминланмаслигини билдирган. Қолаверса, ҳозир бутун дунёда бўлгани каби Кения аҳолиси ҳам чуқур эпидемиологик вазиятни бошдан кечирмоқда. Шу сабабли спортчиларимизнинг саломатлигини биринчи ўринга қўйган ҳолда енгил атлетика бўйича Ўзбекистон терма жамоаси мураббийлар кенгаши  жаҳон чемпионатида иштирок этмасликни мақсадга мувофиқ, деб топди.  

–Жаҳон чемпионатида МДҲ давлатлари терма жамоаларининг иштироки қандай?

–Халқаро енгил атлетика федерацияси сайтида келтирилишича, ушбу жаҳон чемпионати энг кам иштирокчи билан ўтказилмоқда. Қўшни давлатлар– Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон вакиллари ҳам Ўзбекистоннинг йўлини танлади. Россиянинг 10 нафар енгил атлетикачиси жаҳон чемпионатида мамлакат олимпия қўмитаси байроғи остида қатнашмоқда. Шунингдек, 23 нафар россиялик спортчи мустақил тарзда иштирок этмоқда. Аввалги дунё биринчиликларида руслар ҳамиша камида 50 нафарга яқин спортчи билан қатнашиб келган. Умуман, Халқаро енгил атлетика федерацияси мазкур жаҳон чемпионатининг вақтини белгилашда халқаро спорт мусобақаларини ўтказиш нормативларига риоя этмаганлиги дунёдаги енгил атлетика спорти экспертлари томонидан кенг муҳокама қилинмоқда. Ахир, эндигина олимпия ўйинлари якунланган бўлса-ю айнан олимп баҳсларида қатнашган спортчи ва мураббийлар, мутахассислар қандай қилиб яна бир нуфузли баҳсларга киришиши мумкин?  

–Бундан чиқди Кения баҳслари у қадар қизиқарли ва шиддатли тус олмайди деганими бу?

–Йўқ. Аслида, ҳар қандай енгил атлетика мусобақаси ҳамиша шиддатларга бой бўлади. Кения баҳслари ҳам бундан мустасно эмас. Энг қизиғи, ушбу жаҳон чемпионатида мезбонлар 52 та спортчи билан қатнашмоқда. Умуман олганда, ушбу жаҳон чемпионати эпидемиологик мураккаб даврга қарамасдан ўтказилаётганлиги билан аҳамиятлидир.

Манба: ЎзА

Поделиться