Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
ИТБнинг Ўзбекистондаги Йиллик анжуманига тайёргарликнинг бориши муҳокама қилинди
2021-08-18 | Иқтисодиёт
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков Ислом тараққиёт банкининг (ИТБ) янги тайинланган Президенти Муҳаммад Сулаймон ал-Жассир билан видеоконференцалоқа орқали Ислом тараққиёт банки Гуруҳи Бошқарувчилари Кенгашининг 46-Йиллик анжуманини Тошкент шаҳрида ўтказишга тайёргарлик кўриш ҳамда икки томонлама муносабатларнинг ривожланиши билан боғлиқ бир қатор масалаларни муҳокама қилди.
Суҳбат чоғида ИТБ раҳбарияти Ўзбекистон томонининг Йиллик анжуманга тайёргарлик кўриш борасидаги фаоллигини қайд этди. Кун тартиби доирасида тадбирни ташкил этиш билан боғлиқ амалий масалалар кўриб чиқилди ва бу йўналишда ўзаро ҳамкорликнинг самарали алгоритмлари ишлаб чиқилди.
Йиллик анжуманда ИТБга аъзо мамлакатларнинг 57 нафар ҳукумат вакиллари, молия, иқтисодиёт, режалаштириш ва халқаро ҳамкорлик вазирлари, марказий банклар раҳбарлари ва бошқа расмийлар, шунингдек, халқаро молия институтлари (ХМИ) ва халқаро ривожланиш ташкилотлари, бизнес сектори, фуқаролик жамияти, илмий доиралар, ОАВ ва бошқа манфаатдор томонлар вакиллари қатнашади. Жами 2000 дан ортиқ иштирокчилар қатнашишлари кутилмоқда.
Бу каби юқори даража ва йирик миқёсдаги тадбирни ўтказиш Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларга кенг жамоатчилик ва инвесторлар эътиборини жалб этиш, ИТБ билан ҳамкорликни ривожлантириш ва Ўзбекистонда Банкнинг инвестициялар портфелини кенгайтириш имконини бериши таъкидланди.
Шунингдек, томонлар ИТБ ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолатини, амалга оширилаётган лойиҳалар портфелини муҳокама қилиб, уни кенгайтириш истиқболларини кўриб чиқдилар.
Музокаралар якунида ИТБ шўъба корхоналари – Хусусий секторни ривожлантириш бўйича Ислом корпорацияси, Халқаро Ислом савдо-молия корпорацияси ва Ислом инвестициялар ва экспорт кредитларини суғурта қилиш корпорациясининг қўшимча ресурсларини Ўзбекистонда лойиҳаларни молиялаштириш учун жалб этиш орқали икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш бўйича келишувга эришилди.
Шунингдек, томонлар яқин истиқболда ИТБнинг Ўзбекистондаги минтақавий ваколатхонасини очиш ташаббуси устида ишлашга келишиб олдилар.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги