Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Фарғона вилояти Олтиариқ туманини инновацион ҳудудга айлантириш бўйича ишлар амалга оширилмоқда
2021-08-17 | Инновация
Инновацияларга эҳтиёжи ҳар жабҳада яққол сезилмоқда. Шунга монанд омманинг уларга қизиқиши ҳам тобора ортмоқда. Давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, иқтисодиётнинг тараққиёти доимо мақбул инновацион стратегия, энг сўнгги илмий-техник ютуқлардан фойдаланиш, ахборот технологиялари имкониятларини кенг жорий этишга боғлиқ.
Президентимиз яқинда қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари хусусида ўтказилган йиғилишда инновацияларни олис ҳудудлардаги аҳолига етказиш, маҳаллий олимлар яратган ишланмалар орқали одамларнинг оғирини енгил қилиш, янги иш ўринлари яратиш, ёшларнинг янги технологияларга қизиқишини ошириш ва уларни инновацион фаолиятга жалб қилиш учун жорий йил давомида ҳар бир вилоятда биттадан иқтисодиёти жадал ривожланаётган туманни инновацион ҳудудга айлантириш вазифасини қўйди.
Юқоридагиларни инобатга олиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 1 апрелдаги «Илмий ва инновацион фаолиятни ривожлантириш бўйича давлат бошқарув тизимини такомиллаштириш тўғрисида»ги ПҚ-6198-сонли қарорига асосан, Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманини инновацион ҳудудга айлантириш режалаштирилган.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Фарғона вилояти ҳокимлиги билан ҳамкорликда 2021 йил 30 майдаги қўшма чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилган. Чора-тадбир дастури 16 та банддан иборат бўлиб, ҳудудда қишлоқ хўжалиги, тиббиёт, инновацион тадбиркорлик, камбағалликни қисқартиши, ахборот ва коммуникацион технологиялар, ноанъанавий энергия манбалари, тиббиёт ҳамда таълим соҳаларини янада ривожлантиришга эътибор қаратилган.
Бундан ташқари, Фарғона вилояти ҳудудий инновацион ривожланиш бошқармаси томонидан вилоятда жойлашган олий таълим муассасалар билан ҳамкорликда Олтиариқ туманининг юқори экспорт салоҳиятини инобатга олган ҳолда драйвер ҳамда муаммоли соҳалар аниқланиб, айнан шу соҳаларни такомиллаштиришга қаратилган лойиҳаларни шакллантириш ишлари амалга оширилмоқда.
Муайян ҳудудни инновацион ривожлантиришнинг муҳим омили инновацион инфратузилмани яратишдан бошланади. Бундай инфратузилма ўзаро боғлиқ, бир-бирини тўлдирадиган объект ва субъектлар жамланмасидир. Илмий фаолият натижаларини жорий этиш учун, аввало, мақбул шароит яратилиши шарт.
Хусусан, Олтиариқ туманини инновацион ҳудудга айлантиришга қаратилган тадбирларга аҳолини босқичма-босқич жалб этиш, туманнинг намунали статусини кўрсатиб бериш ҳамда қўшни ҳудудлардан ташриф буюрган меҳмонларга амалга оширилаётган ишларни намойиш этиш мақсадида, Олтиариқ туманининг йирик магистралидаги айланма йўлига “Oltiariq innovatsion tumaniga Xush kelibsiz” ажратувчи ёзув белгилари ўрнатилди.
Ишлаб чиқилган чора-тадбир дастурининг 9-бандига асосан Фарғона вилоятида оилавий тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида, Олтиариқ туманининг «Темир дафтари», «Аёллар дафтари» ҳамда «Ёшлар дафтари»га киритилган 15 та кам таъминланган оилалар томорқасига беғараз кўмак сифатида 3 сотих ер майдонига инновацион иссиқхона қуриб бериш ишлари олиб борилмоқда. Мазкур тадбирга 300 млн сўм маблағ ажратилиб, жорий йилнинг 22 август санасига қадар оила хўжаликларига инновацион иссиқхоналар фойдаланишга топширилиши белгиланди. Хўжаликлар рўйхатида меҳрибонлик уйида катта бўлиб, мустақил ҳаётни бошламоқчи бўлган ёшларимиз ҳам мавжуд.
Туман қишлоқ хўжалиги секторига инновацияларни жорий этиш — ўта муҳим масала. Жараёнда фермер хўжаликлари, кластерлар ва ердан фойдаланувчиларга ресурслардан рационал ва самарали фойдаланишга кўмак бериш талаб этилади. Камроқ вақт, маблағ, табиий ресурслар сарфлаб, кўпроқ ва сифатлироқ озиқ-овқат маҳсулотларини етиштириш кун тартибидаги муҳим вазифалардандир.
Шу нуқтаи назардан Ўзбекистонда импорт ўрнини босувчи маҳаллий хомашё ва пробиотик бактериялар асосида озуқа тури ва қўшимчасини яратиш ҳамда ишлаб чиқариш лойиҳаси давлатимиз томонидан қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик маҳсулотлари етиштиришга катта эътибор қаратилаётгани маҳсулидир. Деҳқон ва фермер хўжаликларида чорвачилик, паррандачилик, балиқчиликка қизиқиш ортаётгани янги озуқа турларини кўпайтириш ва ишлаб чиқаришни талаб этмоқда.
Бундан ташқари, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, ривожлантириш ҳамда хусусий секторни инновацион фаолиятга жалб этиш мақсадида, Фарғона вилоятида фаолият олиб бораётган тадбиркорлик субъектларига жами 1 млрд 590 млн сўмлик «Калифорния чувалчанги асосида табиий биогомус ишлаб чиқариш», «Соя донидан сут ва сут маҳсулотларини ишлаб чиқариш технологиясини тизимли лойиҳалаш», «Маҳаллий шароитда етиштирилаётган товар балиқ маҳсулотларининг чиқиндисидан балиқ уни ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш» каби 3 та тижоратлаштириш лойиҳаларга маблағ ажратилди. Лойиҳаларни амалга ошириш давомида Фарғона вилоятида янги ишчи ўринлар яратилиши, ҳудуднинг инфратузилмаси ривожланиши, янги инновацион маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши ҳамда маҳаллий ва хорижий бозорларга жорий этилиши кутилмоқда.
Шунингдек, шаҳар, туман ҳамда қишлоқлар инфратузилмасини яхшилаш, ривожлантириш ва такомиллаштиришга қаратилган: «Ақлли (SMART), дастурлаштирилган мобил, фотоэлектрик автоном светофорни яратиш, ишлаб чиқаришни ташкил қилиш» ҳамда «Йўлларда ҳаракатланувчи автомобиллардан светофорлар ва йўл чироқларини доимий электр энергияси билан таъминлаш генераторларини яратиш ва ишлаб чиқаришга жорий этиш» 2 та стартап лойиҳалари молиялаштирилди ва айни пайтда лойиҳани йўлга қўйиш ишлари бошланди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 1 апрелдаги ПҚ-6198-сонли қарорига асосан, Олтиариқ туманини инновацион ҳудудга айлантиришда амалга оширилиши режалаштирилган ҳамда Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан инновацион, стартап ва тижоратлаштиришга тайёр бўлган лойиҳаларни йўлга қўйиш мақсадида, ҳудудни қўшни туманлар билан боғловчи магистраль йўли қошида умумий майдони 3 га дан ортиқ бўлган ер майдонда «Олтиариқ инновацион тажриба ва кўргазма технологик майдони»ни лойиҳалаштириш ишлари олиб борилмоқда. Техномайдонда кўргазма зал, савдо дўконлари, тажриба ўтказишга қаратилган иссиқхона ва экин майдони, R&D парк ҳамда ишлаб чиқариш майдонлар қурилиши кўзда тутилган.
Фарғона шаҳида жойлашган «Ёшлар инновация маркази» ДУК томонидан тадбиркорликка илк қадам босаётган фуқароларнинг жами 5 та стартап лойиҳаларига умумий 1 млрд 790 млн сўмлик беғараз молиявий кўмак кўрсатилди. Уларнинг қаторида ёшларда инновацион ва креативлик маҳоратини оширишга, янги инновацион қурилиш материалларини ишлаб чиқаришга ҳамда экология шароитини яхшилашга қаратилган стартап жамоаларига маблағ ажратилган ва ҳозирда маҳаллий бозоримиз учун янги бўлган инновацион маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш агентлиги