Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ижтимоий соҳа объектларини кўмир билан таъминлаш режаси муддатидан олдин бажарилди
2021-08-17 | Иқтисодиёт
2021/2022 йиллар куз-қиш мавсуми учун республика ижтимоий соҳа объектларини кўмир билан таъминлаш режаси “Ўзбеккўмир” АЖ томонидан муддатидан 15 кун аввал бажарилди. Бюджет истеъмолчиларига режадаги 450 минг тонна кўмир ёқилғиси ҳудудлардаги кўмир омборларига тўлиқ юклаб юборилди. Бу ўтган йилги режага нисбатан 35 минг тоннага кўпдир.
Шу муносабат билан 2021 йилнинг 16 август куни “Ўзбеккўмир” АЖ томонидан Энергетика вазирлиги билан ҳамкорликда “Ангрен кўмир кони”га пресс-тур ўтказилди. “Ўзбеккўмир”АЖ томонидан жорий йилда тасарруфдаги конлардан 4,45 млн тонна кўмир қазиб олиш, истеъмолчиларга 4,8 млн тонна кўмир етказиб бериш режалаштирилган. Жумладан, иссиқлик электр станцияларига – 3,3 млн тонна, аҳолига – 985 минг тонна, ижтимоий соҳа ташкилотларига – 450 минг тонна, иқтисодиётнинг реал секторига – 0,1 млн тонна.
Йилнинг ўтган етти ойи давомида конлардан 2,6 млн тонна кўмир қазиб олинди. Бу режага нисбатан 100,4 фоизни ташкил қилади. 16 август куни ижтимоий соҳа объектларига мўлжалланган кўмирнинг сўнгги тонналари вагонларга юкланади.
Истеъмолчиларга кўмир етказиб бериш учун ёқилғини қазиб олишнинг ўзи кифоя қилмайди. Кўмирни саралаш, юклаш, жўнатишдек мураккаб жараёнлар ҳам борки, уларни такомиллаштирмай туриб, истеъмолчини рози қилиш мумкин эмас.
“Ангрен” кўмир конида масаланинг ана шу жиҳатига ҳам алоҳида эътибор қаратила бошланди.
16-бўлимда янги кўмир юклаш пункти қуриб ишга туширилди. Натижада бюджет ташкилотлари учун суткасига 5 минг тоннагача ёқилғи юклаш имконияти вужудга келди.
Мутахассиснинг гапларига кўра, шу пайтгача конда атиги иккита кўмир юклаш пункти мавжуд бўлиб, барча истеъмолчиларга маҳсулот ана шу пунктлардан юкланар эди. Бу ҳол иш жараёнида тиғизликни келтириб чиқарар, боз устига маҳсулот конвейердан-конвейерга ўтиб, сифатига ҳам салбий таъсир кўрсатар эди.
Юклаш жараёнидаги янгиликнинг афзаллиги шундаки, кўмир забойдан автомобиль транспортида янги пунктга олиб келинмоқда ва тўғридан-тўғри вагонларга юкланаяпти. Бунда вақт тежалмоқда, маҳсулот сифати ҳам яхши сақланади.
Эътиборлиси, янги пунктда кўмир фақат ижтимоий соҳа объектлари ва аҳоли эҳтиёжлари учун юкланади. Бу эса, вагонларнинг узоқ туриб қолишининг олдини олмоқда ва истеъмолчилар учун маҳсулотни ўз вақтида юклаб жўнатиш имконини бермоқда.
Кўмир конида кон техникаларидан унумли фойдаланиш, меҳнат унумдорлигини ошириш ҳам белгиланган режалар бажарилишида муҳим омил бўлмоқда.
Кўмир маҳсулоти истеъмолчиларга “Кўмир таъминот” масъулияти чекланган жамияти тасарруфидаги 96 та ҳудудий кўмир омборлари орқали тарқатилмоқда. Жорий йил куз-қиш мавсумига тайёргарлик тадбирларига республика вазирликлар ва идоралари, маҳаллий ҳокимликлар ҳам бу гал ҳар қачонгидан кўра барвақт киришдилар. Натижада бюджет ташкилотлари билан кўмир маҳсулотлар етказиб бериш бўйича тўғридан-тўғри шартномалар имзоланди. “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ томонидан вагонлар ўз вақтида етказиб берилмоқда. Энергетика вазирлиги кўмир етказиб бериш бўйича ҳукумат томонидан тасдиқланган режаларнинг ўз вақтида сифатли бажарилиши учун барча зарур ёрдамларни кўрсатмоқда. Натижада республика умумтаълим мактабларини 241,5 минг тонна, мактабгача таълим муасасаларини 87,8 минг тонна, соғлиқни сақлаш муассасаларини 64,8 минг тонна, олий ва ўрта махсус таълим муассасасаларини 6,3 минг тонна, маданият муассасаларини 6,3 минг тонна, туризм объектларини 3,7 минг тонна кўмир билан 1 сентябрга қолдирмай, муддатидан аввал тўла таъминлашга эришилди.
Айни кунларда республика аҳолисини кўмир билан таъминлаш ишлари ҳам бошлаб юборилди. Жорий йил куз-қиш мавсуми учун республика аҳолисига 985 минг тонна кўмир етказиб берилади. Аҳоли учун мўлжалланган кўмирнинг 705 тоннаси маҳаллий, 280 минг тоннаси импорт кўмирни ташкил этади.
Пресс-тур давомида журналислар “Ангрен” кўмир конида бўлиб, кўмир қазиб олиш, саралаш, юклаш ва жўнатиш жараёнидаги янгиликлар билан таништирилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги