Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Паралимпиячиларимиз Токиода янги зафарлар қучишига ишонамиз
2021-08-16 | Спорт
Жорий йилнинг 24 август – 5 сентябрь кунлари Япония пойтахти Токио шаҳрида XVI ёзги Паралимпия ўйинлари бўлиб ўтади.
Унда сайёрамизнинг турли ҳудудларидан келган 5 мингга яқин параатлет 540 та медаллар тўплами учун кураш олиб боради. Мазкур тўрт йилликнинг энг нуфузли мусобақасида ўзбекистонлик паралимпиячилар илк бор 8 та спорт тури бўйича рақобатга киришади.
Сўнгги йилларда мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани, жисмоний имконияти чекланган ёшларнинг билим олиши, спорт билан шуғулланиши учун кенг шароит яратилгани, улар орасидан юксак иқтидорли паралимпиячилар камол топишида муҳим ўрин тутмоқда. Бунинг натижасида паралимпиячиларимиз спорт оламининг нуфузли мусобақаларида – Паралимпия ва Параосиё ўйинлари, қитъа ва жаҳон чемпионатларида улкан ғалабаларни қўлга киритмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистонда жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларга спорт билан шуғулланиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш, уларнинг халқаро спорт майдонларида муносиб иштирок этишини таъминлаш ва давлат томонидан қўллаб-қувватлаш мақсадида “Паралимпия ҳаракатини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори паралимпия ҳаракатини янада оммалаштириш, уларнинг нуфузли мусобақаларда юксак натижалар қайд этиши учун муҳим дастуриламал бўлмоқда.
Қарор асосида Ўзбекистон паралимпия қўмитаси паралимпия ҳаракатини янада оммалаштириш борасида самарали ишларни олиб бормоқда. Қўмита ҳудудларда паралимпия марказлари, спорт турларига ихтисослашган махсус институт ташкил этиш, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида паралимпия факультети очилиши, ундан ташқари юртимиздаги барча болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари, Олимпия захиралари коллежларида жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлганлар инсонларнинг спорт билан шуғулланиши учун шароитлар яратиш, паралимпия спорт турлари географиясини янада кенгайтириш шулар жумласидандир.
Ушбу саъй- ҳаракатлар натижасида паралимпиячиларимиз XVI ёзги Паралимпия ўйинларида спортимиз тарихида илк маротаба 8та спорт тури – пара енгил атлетика, пара сузиш, пара дзюдо, пара таэквондо, пара ўқ отиш, пара пауэрлифтинг, пара каноэ ва пара эшкак эшиш бўйича иштирок этмоқда. Шунингдек, қўмита томонидан 2024 йили Франция пойтахти Париж шаҳрида бўлиб ўтадиган Паралимпия ўйинларида 5х5 футбол, стол тенниси велоспорт, от спорти, қиличбозлик ҳамда триатлон спорт турлари бўйича йўлланмаларни қўлга киритиш каби муҳим вазифалар белгиланди.
Ҳозир дунё спорт ихлосмандлари “Токио-2020” Олимпия ўйинларидан сўнг XVI ёзги Паралимпия ўйинларини интиқлик билан кутмоқда.
Паралимпиячиларимиз Президентимизнинг 2017 йил 9 мaртдaги “Ўзбекистон спортчилaрини 2020 йил Токио шaҳри (Япония)дa бўлиб ўтaдигaн XXXII ёзги Олимпия вa XVI Пaрaлимпия ўйинлaригa тaйёрлaш тўғрисидa”ги, жорий йилнинг 25 июнидаги “2021 йилда Токио шаҳрида (Япония) бўлиб ўтадиган XXXII ёзги олимпия ва ХVI паралимпия ўйинларида Ўзбекистон спорт делегациясининг иштирокини таъминлаш ҳамда олимпия спорт турларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорларига мувофиқ Паралимпия ўйинларига қизғин ҳозирлик кўрмоқда.
Пойтахтимизда қад ростлаган ва халқаро талабларга жавоб берадиган замонавий «Олимпия ва Паралимпия спортчиларини тайёрлаш маркази»да, тоғ ва тоғ олдида жойлашган спорт базаларда спортчиларнинг замонавий меъёрлар асосида ўқув-машғулот йиғинларини ўтказиши, тажриба ва маҳоратини ошириши, Паралимпия ўйинларига тайёрланиши ва уларда муносиб қатнашиши учун барча шарт-шароит яратилган.
Шунингдек, паралимпиячиларимиз спорт турлари бўйича маҳсус кийим, спорт анжомлари билан ҳам таъминланди. Уларнинг саломатликларини тиклаш, жисмоний ҳолатларини бир маромда ушлаш ва машғулотларни карантин қоидаларига мос равишда ташкил этиш бўйича Ўзбекистон паралимпия қўмитаси ва спорт федерациялари(ассоциациялар) барча имкониятларни яратди.
Паралимпиячиларимиз бундай имкониятлардан фойдаланиб, тинимсиз шуғулланмоқда. Бу эса, албатта, Токиода бўлиб ўтадиган ХVI Паралимпия ўйинларида ўз натижасини кўрсатади.
Манба: ЎзА