Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Молия вазирлиги ходимларига хорижий тилларни ўқитишни йўлга қўйди
2021-08-16 | Иқтисодиёт
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигида хорижий тилларни оммалаштиришни самарали ташкил этиш ва ходимлар салоҳиятини оширишга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Маълумки, жорий йилда хорижий тилларни ўргатишни янада оммалаштириш ва аҳолининг хорижий тилларни ўрганишга бўлган қизиқишини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 19 майдаги ПҚ–5117-сон “Ўзбекистон Республикасида Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори қабул қилинди.
Мазкур қарорда давлат хизматчилари томонидан хорижий тилларни ўзлаштириш даражасини ошириш ҳамда давлат органларини юқори малакали ва рақобатбардош кадрлар билан тўлдириш мақсадида давлат органларида ходимларни хорижий тилга ўқитиш амалиёти йўлга қўйиш ва 2022 йилдан бошлаб давлат органларига ишга қабул қилиш, шунингдек ходимларнинг хорижий тилни билиш малака ва кўникмаларини мукаммаллаштириб бориш назарда тутилган.
Молия вазирлиги ходимларини хорижий тилга ўқитиш амалиётини йўлга қўйиш мақсадидаги Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлиги билан ҳамкорликда хорижий тилларни ўрганиш истагини билдирган ходимлар учун давра суҳбати ўтказилди.
Давра суҳбатининг расмий қисмини Ўзбекистон Республикаси Молия вазири ўринбосари Рахимова Гулнора Хашимовна очиб берди. У ўз сўзида, Молия вазирлиги тизимида фаолият олиб бораётган ёш ходимларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг хорижий тилларни ўрганиш ва ўзлаштириш борасидаги қизиқишларини, малакаларини ошириб боришни доимий рағбатлантириб бориш, шунингдек, ташкилот фаолиятида халқаро ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш, умуман, Ўзбекистоннинг очиқлик сиёсати, дунё бозорига фаол кириб боришида вазирликнинг роли ва мавқеини оширишга хизмат қилиши ҳақидаги фикрларини билдирди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги