Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Ўқув маркази хорижий тилларни ўзлаштириш соҳасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзолади
2021-08-16 | Иқтисодиёт
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Молия органлари ҳамда буджет ташкилотларининг молия-ҳисоб бўлинмалари ходимларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш Ўқув маркази ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлиги ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди.
Меморандумни имзолаш орқали томонлар Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ходимларининг хорижий тилларни ўзлаштириш даражасини ошириш ҳамда вазирликни юқори малакали ва рақобатбардош кадрлар билан тўлдириш, шунингдек, улар орасида хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш бўйича ишларни самарали ташкиллаштириш юзасидан келишувга эришдилар.
Мазкур келишувга мувофиқ, ходимларни хорижий тилга ўқитиш амалиётини жорий қилиш, тизимга ишга кирувчилар учун ўқитишнинг интенсив курсларини ташкил этиш, семинар-тренинглар ва маҳорат дарсларини ўтказиш, иккитомонлама тажриба ва маълумотлар алмашинувини йўлга қўйиш каби асосий йўналишлар белгилаб олинди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги