Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Тадбиркорларнинг бирорта мурожаати эътибордан четда қолмайди
2021-08-13 | Иқтисодиёт
Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар ва инвесторлар билан очиқ мулоқотига тайёргарлик кўриш доирасида Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида тадбиркорлар мурожаатларини қабул қилиш ва таҳлил этиш Штаби фаолиятига бағишланган брифинг бўлиб ўтди.
Тадбирда 30 дан ортиқ журналист ва ОАВ вакиллари иштирок этди.
Брифинг давомида инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг биринчи ўринбосари А.Воитов Штаб фаолияти ва унинг жорий натижалари ҳақида батафсил маълумот берди.
Шу йилнинг 20 июлидан 10 августига қадар Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, Бизнес-омбудсман ва Бош вазир қабулхонаси колл-марказлари мутахассислари томонидан тадбиркорлар мурожаатлари туну кун қабул қилинди.
Мурожаатларни, шунингдек, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Савдо-саноат палатасининг ижтимоий тармоқлар ва мессенжерлардаги расмий саҳифалари орқали ҳам юборилиши мумкин эди.
Келиб тушган мурожаатлар устида вазирлик ҳамда идоралар ходимлари ва экспертларидан иборат ишчи гуруҳлар томонидан иш олиб борилди. Шу каби гуруҳлар мамлакатнинг ҳар бир вилоятида фаолият юритди.
Штаб фаолияти давомида жами 15 309 та мурожаат келиб тушган бўлиб, шундан 13 941 тасини хусусий характердаги масалалар ташкил этди.
Штаб мутахассислари келиб тушган мурожаатларнинг батафсил ўрганилишини назорат қилмоқда.
Вилоятлар кесимида энг кўп мурожаатлар Тошкент шаҳри (1 564), Сурхондарё (1 395), Тошкент (1 357), Қашқадарё (1 288) ва Фарғона (1 250) вилоятларидан келиб тушган.
Бугунги кунга келиб тушган мурожаатларнинг 81,1 фоизи устида иш олиб борилди. Штаб ходимлари аниқланган ҳар бир масалани ҳал этиш бўйича фаол иш олиб бормоқда, бу эса тадбиркорларнинг бирорта ҳам муаммоси эътибордан четда қолмайди деган хулосага келишга сабаб бўлмоқда.
Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида Штаб фаолиятини ёритиш бўйича брифинглар мунтазам равишда ўтказилади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги