Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Красноярскда Сурхон бренди билан мева-сабзавотлар сотилади
2021-08-13 | Сиёсат
Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов бошчилигидаги Термиз шаҳри ва қатор туманлар ҳокимлари, тадбиркорлар, шифокорлардан иборат делегациянинг Россия Федератив Республикасига хизмат сафари давом этмоқда.
Вилоят ҳокимининг ахборот хизматидан хабар қилинишича, делегация аъзолари Красноярск ўлкасида бўлиб, иқтисодий-ижтимоий, инвестициявий, маданий ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилган.
Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболовнинг Красноярск ўлкаси губернатори Александр Усс билан учрашувида сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Россия давлатлари ўртасида ҳар тарафлама ўзаро дўстлик, ҳамкорлик ришталари янги босқичда юксалиб бораётгани алоҳида таъкидланди. Мазкур сафар ҳам Красноярск ўлкаси ва Сурхондарё вилояти ўртасидаги ўзаро алоқаларни янада ривожлантиришга хизмат қилиши хусусида атрофлича фикр алмашилди. Савдо, саноат, тиббиёт ва бошқа соҳаларда яқин ҳамкорликни йўлга қўйишга келишиб олинди.
Делегация аъзолари Красноярск савдо-саноат палатаси, йирик саноат корхоналари ва тиббиёт муассасалари фаолияти билан танишди. Красноярсклик тадбиркорлар Сурхондарёда етиштирилаётган сервитамин қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини Сурхон бренди билан тўғридан-тўғри сотиш, реклама қилиш таклифини илгари суриб, ўлкада йирик савдо дўконлари ва шоурумлар очишга тайёр эканини билдирди. Меморандумлар имзоланди. Шунингдек, тадбиркорлар Красноярск шаҳридаги супермаркетларда воҳада етиштирилаётган озиқ-овқат маҳсулотларини сотиш учун шартномалар тузди.
Красноярск шаҳридаги тиббиёт муассасаларида беморларни даволаш жараёнлари ва замонавий тиббий жиҳозлар билан танишди. Юрак, қон-томир касалликларининг мураккаб жарроҳлик амалиётларини ҳамкорликда ўтказиш, онкологик касалликларни биргаликда даволаш, ўзаро тажриба алмашиш ва ёш шифокорларнинг Красноярск ўлкасидаги шифохоналарда малака ошириши юзасидан келишувларга эришилди.
–Кейинги йилларда Росссия билан Ўзбекистон ўртасидаги алоқалар янги босқичда ривожланмоқда, – дейди Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазирлигининг Красноярск ўлкасидаги ваколатхонаси раҳбари Артём Заҳаров. – Сурхондарё вилояти ҳокими бошчилигидаги делегациянинг Красноярск ўлкаси билан ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш ғояси ҳам ана шундай эзгу мақсадга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Биз бу ташаббусни қўллаб-қувватлаб, иқтисодий ва бошқа йўналишлардаги ҳамкорлик ришталари мустаҳкам жипслашиб бораётганини алоҳида қайд этамиз.
Бу ҳудудларнинг иқтисодиёт, инвестиция, таълим, тиббиёт, маданият каби соҳалардаги ишончли ҳамкорлигини янада мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутади. Сурхондарё вилояти ҳокими ва Красноярск ўлкаси губернаторининг учрашуви самарали кечгани ҳам бунга яққол далилдир. Ўлка билан танишиш чоғида сурхондарёликлар икки томон учун ҳам манфаатли кўплаб таклифларни илгари сурди. Уларнинг қуёш нурига тўйинган, сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан ўлкани таъминлаш, ҳамкорликда ишлаб чиқариш корхоналари барпо этиш, тиббиёт соҳасида ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаш каби таклифлари қўллаб-қувватланди. Бу келишувларнинг тез орада ўз самараларини беришига ишонамиз.
Учрашувларда Красноярск ўлкаси мутасаддилари Ўзбекистондан бориб, ҳудудда ишлаётган меҳнат мигрантларининг Мустақиллик, Наврўз каби миллий байрамларимизни муносиб нишонлаши учун барча шароитни яратиб, байрам тадбирларини ташкил этишга тайёр эканликларини ҳам маълум қилди.
Манба: ЎзА