Хабарингиз бор, Ўзбекистон футзал терма жамоаси Литва давлати мезбонлик қиладиган 2021 йилги Жаҳон чемпионатида иштирок этади.
Футзалчиларимиз эртага Тошкентдаги машғулотларини якунлаб, Испаниянинг Мадрид ҳамда Португалиянинг Порту шаҳарларида ўтадиган хорижий йиғинга жўнаб кетишади.
Йиғинлар давомида вакилларимиз Испания, Португалия, Аргентина каби дунёнинг етакчи терма жамоалари билан ўртоқлик учрашувлари ўтказиши режалаштирилган. Шундан сўнг, вакилларимиз Жаҳон чемпионатида қатнашиш учун Литва пойтахти Вилнюс шаҳрига етиб боришади.
Бугун ЎФА раҳбарияти мундиал сафари олдидан Ўзбекистон футзал терма жамоаси мураббийлар штаби ҳамда футзалчилар билан учрашди. Тадбирда ЎФА биринчи витсе-президенти Равшан Эрматов, ЎФА Ижроия қўмитаси аьзоси Жаҳонгир Усмонов, Фахрийлар кенгаши раиси Тўлаган Исоқов иштирок этди.
Учрашувда Равшан Эрматов ЎФА президенти Абдусалом Азизов ва футбол жамоатчилиги номидан футзал терма жамоамизга масьулиятли мусобақада омад ва муваффақиятлар тилади. Литвада бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатига тайёргарлик жараёнида тинимсиз қилинган меҳнатлар ўз натижасини кўрсатишига ва делегатсиямиз юртимизга ёруғ юз билан қайтиб келишига ишонч билдирди.
Ўз навбатида, бош мураббий Баҳодир Аҳмедов сўзга чиқиб, мундиал тайёргарлиги йўлида бир қатор етакчи терма жамоалар билан ўртоқлик учрашувлари ва хорижий мамлакатларда ўқув-машғулот йиғинларини ташкил этиб берган ЎФА раҳбарияти ва масьул мутахассисларга жамоа номидан миннатдорлик изҳор этди ҳамда Жаҳон чемпионатида муносиб қатнашиш учун астойдил ҳаракат қилишларини билдирди.
Биз ҳам ўз навбатида футзалчиларимизга бўлажак мундиалда омад тилаймиз.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги