Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон армиясининг қарийб 100 фоизи коронавирусга қарши эмланиб бўлди
2021-08-13 | Хавфсизлик соҳаси
Бугунги кунда Мудофаа вазирлиги шахсий таркибини коронавирус инфекциясига қарши эмлаш ишлари жадал олиб борилмоқда. Эмлаш ишлари Мудофаа вазирлиги Санитария-эпидемиология назорати маркази, ҳарбий госпиталлар, ҳарбий қисм ва муассасалар тиббиёт хизматлари томонидан амалга оширилмоқда.
Эмлаш ишларини сифатли ташкил этиш мақсадида Мудофаа вазирлиги ҳарбий қисм ва муассасалар тиббиёт ходимларидан 647 нафар вакцинаторлар тайёрланди, шунингдек, тиббиёт пунктларида 81 та эмлаш пунктлари, Марказий ҳарбий клиник госпитали, Марказий шифохона ва ҳарбий госпиталларда 8 та эмлаш бригадаси ташкил этилди. Штатида тиббиёт хизмати, тиббиёт хизматининг шифокор лавозими бўлмаган ҳарбий қисм ва муасасаларнинг шахсий таркиби ҳаракатдаги эмлаш бригадалари томонидан эмлаш ишлари олиб борилиши йўлга қўйилди.
Эмлашда асосан ZF-UZ-VAC-2001 хитой-ўзбек вакцинасидан, шунингдек “Спутник V”, Модерна вакциналаридан фойдаланилмоқда.
Бугунги кунга келиб Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчиларининг 94,7 фоизи — 1-босқичда, 91,6 фоизи — 2-босқичда, 61,1 фоизи эса 3-босқичда эмланди.
2021 йилнинг август ойидан бошлаб Қуролли Кучлар ишчи ва хизматчиларини эмлаш йўлга қўйилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги