Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Татаристон Туризм давлат қўмитаси раиси Ўзбекистоннинг туризмни ривожлантиришга доир тажрибасини ўрганишга қизиқиш билдирди

2021-08-12 | Туризм

Татаристон Республикаси Туризм давлат қўмитаси раиси Сергей Иванов 11 август куни Ўзбекистонга ташриф буюриб, Бош вазир ўринбосари - Туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов билан учрашди.

Туризм ва спорт вазирлигида ўтган учрашувда Азиз Абдуҳакимов меҳмонларни мамлакатнинг сайёҳлик салоҳияти, соҳани ривожлантириш борасида Ҳукумат томонидан кўрилаётган чора-тадбирлар, туристик инфратузилмага инвестиция киритиш имкониятлари ҳақида маьлумот берди.

Меҳмонлар пандемия даврида Ўзбекистонда туризм бизнесини қўллаб-қувватлаш бўйича кўрилган чоралар, соҳа иштирокчилари учун кенг кўламли имтиёзлар ва кредит-молиявий воситалар мамлакатимизда туризм соҳасининг жадал тикланишига туртки бергани уларнинг алоҳида диққатини тортганини таъкидлашди.  

Татаристон делегацияси, шунингдек, сайёҳлар хавфсизлигини таъминлашга қаратилган  "Uzbekistan. Safetravel GUARANTEED" санитария-эпидемиология хавфсизлик тизими чора-тадбирлари билан танишди. Меҳмонлар Ўзбекистоннинг туристик полициясини тузиш, уни техник жиҳозлаш ва уларнинг бажарадиган ишларига алоҳида қизиқиш билдиришди. 

С. Ивановнинг фикрига кўра, Ўзбекистон сайёҳлар ташриф буюрадиган энг хавфсиз мамлакатлардан бири бўлиб, мамлакатнинг бой сайёҳлик салоҳияти, кўплаб меъморий ёдгорликлари, миллий таомлари, туризм турлари ва хизматлар хилма-хиллиги уни дунёнинг туристик марказларидан бирига айлантиради.

“Сўнгги бир неча йилда, яьни пандемияга қадар Ўзбекистон туристик оқимини жуда тез суръатларда оширишга муваффақ бўлди ва биз учун бундай тажрибани ўрганиш қизиқ. Шу билан бирга, туризм қишлоқлари, овуллари ва маҳаллаларини яратиш тизими бизда катта қизиқиш уйғотди. Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг туризм полицияси фаолияти билан боғлиқ тажрибасини ўрганишни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйдик”, - дейди С.Иванов.

Томонлар, шунингдек, Ўзбекистонда туризм соҳаси учун кадрлар тайёрлаш тизими, жумладан Самарқанддаги "Ипак йўли" халқаро туризм университети фаолияти ва туризм соҳасидаги халқаро таълим йўналишидаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди.

Музокаралар натижасида Ўзбекистон ва Татаристон ўртасида туризм соҳасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш, ўзаро сайёҳлар оқимини кўпайтиришга доир амалий чоралар кўриш тўғрисида келишувга эришилди.

Шундан сўнг Татаристон Республикаси Ваколатхонасининг Тошкент шаҳридаги биносида Татаристоннинг сайёҳлик салоҳияти тақдимоти ва С.Ивановнинг Ўзбекистон сайёҳлик бизнеси вакиллари билан учрашуви бўлиб ўтди.

Ўзбекистон ва Татаристон туризм сектори ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди. Татаристон Республикаси делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи давом этмоқда. Айни дамда меҳмонлар Бухоро вилоятининг диққатга сазовор жойлари билан танишишмоқда.

Манба: Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги

Поделиться