Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон ташқи ишлар ва халқ таълими вазирликлари халқ таълими соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди
2021-08-12 | Сиёсат
Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги томонидан халқ таълими вазири Шерзод Шерматов, ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Фарҳод Арзиев ва Ўзбекистоннинг хорижий давлатлардаги ваколатхоналари раҳбарлари иштирокида видеоконференция шаклида мулоқот ташкил этилди.
Тадбирда республика халқ таълими соҳасидаги халқаро ҳамкорлик ва ислоҳотлар натижадорлигига оид вазифалар муҳокама қилинди.
Халқ таълими вазири таълим соҳасидаги кенг қамровли ислоҳотлар ҳақида батафсил тўхталиб ўтди. «Янги Ўзбекистон мактаб остонасидан бошланади» ғояси остида мактабларда таълим сифатини яхшилаш, ўқитувчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, таълим муассасаларини замонавий талабларга мос жиҳозлаш, янги ахборот воситалари ва технологиялари билан таъминлаш борасидаги ишлар алоҳида қайд этилди.
Онлайн-тадбирда мамлакатимизда хусусий таълим тизимига кенг йўл очилгани таъкидланди. Республикада нодавлат таълим муассасалари сони 2017 йилда 27 тани ташкил қилган бўлса, бугунги кунга келиб улар 195 тага етди.
Мулоқотда умумтаълим мактаблари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, замонавий дарсликлар ишлаб чиқиш ва кадрлар малакасини ошириш борасида хорижий мамлакатлар грант ва техник кўмак маблағларини кенг жалб қилиш хусусида ҳам фикр алмашилди.
Учрашув якунида таълим соҳасида илғор хорижий тажрибани қўллаш, чет эллик мутахассисисларни бу жараёндаги иштирокини таъминлаш бўйича биргаликдаги ишлар юзасидан келишиб олинди.
Манба: “Дунё” ахборот агентлиги