Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ҳарбийлар ташаббуси билан “Мен ўттизта китоб ўқийман” акцияси ўтказилди
2021-08-12 | Ёшлар
“Адиблар хиёбони”да бир гуруҳ ҳарбий хизматчилар ташаббуси билан “Мен ўттизта китоб ўқийман” акцияси ташкил этилди.
Унда ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари, мактаб ўқувчилари ҳамда китобхон ёшлар иштирок этди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг ҳарбий ватанпарварлик бўлими бош мутахассиси шоир Анвар Ботир тадбирда сўзга чиқар экан, акцияси иштирокчиларига ёшларни қандай қилиб китоб ўқишга қизиқтириш, қандай китобларни танлаш, китобнинг ўғил болалар характерининг шаклланишидаги аҳамияти, мардлик, жасоратга ундовчи асарлар ҳақида керакли маслаҳатлар бериб ўтди.
Шунингдек, акция доирасида ҳарбий хизматчилар ўзлари севиб ўқиган турли бадиий ва илмий китоблар тўпламини китобсеварларга совға қилди.
— Мазкур тадбирнинг бошқаларидан эътиборли жиҳати шундаки, бу ерда китоблар ҳақида сўз борганидир, – дейди тадбир итирокчиси Капитан Фаррух Рўзиев. —Болалигимдан ҳар кеч отамнинг китоб ўқиб ўтиришларига кўзларим ўрганиб қолган.
Уларга тақлид қилиб кўрганман. Китоб ўқишдан зерикиб, уйқум келган. “Нега сизнинг уйқунгиз келмайди”, деб сўраганимда, отам шундай жавоб берганлар: “Қизиқиб ўқиганингда уйқуни унутасан, китоб билан қоласан, китобни танлаб ўқиш керак”. Ва ўзлари Ўткир Ҳошимовнинг “Икки эшик ораси” китобини тавсия қилдилар. Китобни ўқиб тамом қилгунимга қадар унинг қаҳрамонлари ташвиши билан яшадим, десам бўлаверади. Бу мен биринчи марта ўқиган, таассуротлари ҳеч хаёлимдан кетмайдиган қимматли асар. “Икки эшик ораси”ни китобсевар ўсмирга совға қилганимдан хурсандман.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги